АҚШ ва Эрон Швейцарияда юқори даражадаги музокараларнинг биринчи даврасини якунлади

Июнь 22, 2026. 14:30 • 3 дақ

70
АҚШ ва Эрон Швейцарияда юқори даражадаги музокараларнинг биринчи даврасини якунлади

ЛЮЦЕРН, 22 июнь. /“Дунё” АА/. АҚШ ва Эрон ўртасида урушни тугатиш бўйича якуний битимга эришиш юзасидан ўтказилган музокараларнинг биринчи давраси “умидбахш ютуқлар” билан якунланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Reuters” ААга таяниб.

Музокаралар Вашингтон ва Теҳрон ўртасида ўтган ҳафта ўзаро англашув меморандуми онлайн тарзда имзоланганидан сўнг 21 июнь куни Швейцарияда бошланди. Воситачилар – Қатар ва Покистон қўшма баёнотида томонлар 60 кун ичида якуний битимни тузиш учун “Йўл харитаси”ни келишиб олганини маълум қилди.

Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчининг айтишича, музокаралар Ливандаги можарони тугатиш масаласида сезиларли ютуққа олиб келган.

Томонлар Ҳўрмуз бўғозида ҳодисаларнинг олдини олиш учун махсус алоқа линияси ҳамда Ливан йўналишидаги ҳарбий амалиётларни тўхтатиш мақсадида АҚШ, Эрон ва Ливан ўртасида кескинликни юмшатиш механизмини яратишга келишиб олди.

Меморандум барча жабҳаларда жанговар ҳаракатларни тўхтатишни, Ҳўрмуз бўғозини очишни ва 60 кун ичида якуний битимни тайёрлашни назарда тутади. Бироқ Вашингтон можаронинг асосий сабаби деб биладиган Эрон ядровий дастури масаласи кейинги музокаралар мавзуси бўлиб қолмоқда.

Дипломатик саъй-ҳаракатлар фонида Ливанда кескинлик сақланиб қолмоқда. Келишув имзолангач, “Ҳизбуллоҳ” ва Исроил кучлари ўртасидаги тўқнашувлар кучайди. Ливан расмийларига кўра, Исроилнинг мамлакат жанубига берган зарбалари оқибатида ўнлаб одамлар ҳалок бўлган.

АҚШ президенти Дональд Трамп музокаралар куни Эрондан Ливандаги иттифоқчиларини тўхтатишни талаб қилди ва мамлакатга янги зарбалар бериш билан таҳдид қилди. Эроннинг бош музокарачиси, мамлакат парламенти спикери Муҳаммад Боқир Қолибоф Вашингтоннинг таҳдидларини рад этди.

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу Исроил қўшинлари мамлакатнинг шимолий ҳудудлари хавфсизлигини таъминлаш учун қанча зарур бўлса, Ливан жанубида шунча вақт қолишини таъкидлади. “Ҳизбуллоҳ” етакчиси Наим Қосим бу ҳудудда Исроилнинг ҳар қандай ҳарбий иштироки бўлиши эҳтимолини инкор этди.

АҚШ ва Эрон ўртасидаги дастлабки келишув, шунингдек, Эронни тиклаш учун 300 миллиард долларлик режани ва Америка санкцияларини бекор қилишни ҳам ўз ичига олади. АҚШ ўз навбатида Эрон портларига кирадиган ва улардан чиқадиган кемаларга нисбатан ҳарбий қамални бекор қилишга рози бўлди.

Теҳрон Ҳўрмуз бўғозини ёпганини эълон қилганига қарамай, кемаларни кузатиш маълумотлари ушбу йўналиш орқали тижорат кемалари ҳаракати давом этаётганини кўрсатмоқда.

“Reuters” агентлиги сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш