Ўзбекистон нашриёти Пекиндаги халқаро китоб кўргазмасида нуфузли мукофотга сазовор бўлди
Июнь 19, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 186ПЕКИН, 19 июнь. /“Дунё” АА/. Хитой пойтахтида “BIBF-2026” халқаро китоб кўргазма-ярмаркасининг очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
17–21 июнь кунлари Хитой миллий кўргазма марказида бўлиб ўтадиган мазкур тадбирда дунёнинг 100 га яқин мамлакатидан 3 мингдан зиёд меҳмон қатнашиши кутилмоқда.
Анжуман доирасида матбаа маҳсулотлари экспорти ва импорти, лицензиялаш ҳамда китобларни хорижда тарғиб қилиш бўйича амалий келишувлар, мультимедиа лойиҳалари бўйича йирик битимлар имзоланиши кўзда тутилган.
Тадбир доирасида Хитой адабиётини оммалаштириш, таржима ва нашр этиш ҳамда маданий алмашинувни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун хорижий таржимонлар, ёзувчилар ва ноширларга топшириладиган анъанавий 19-махсус китоб мукофотининг ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Қувонарлиси, Хитой Раиси Си Цзиньпин асарларини ўзбек тилига таржима қилиб, нашр этгани учун Ўзбекистоннинг 102 йиллик бой тарихга эга “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи ушбу нуфузли халқаро мукофот билан тақдирланди.
Маросимда иштирок этган “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи бош муҳаррири Азимбай Бабаниязов мазкур мукофот мамлакатимизда китобхонлик соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг халқаро миқёсдаги юксак эътирофи эканини таъкидлади.
“Нашриётимизнинг ушбу нуфузли мукофотга лойиқ кўрилгани бизни ғоят қувонтиради. Бугунги кунда давлатларимиз раҳбарлари ўртасидаги яқин ва ишончли муносабатлар туфайли Ўзбекистон–Хитой стратегик шериклиги барча йўналишларда жадал суръатларда ривожланмоқда. Шубҳасиз, китоблар халқларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлашда муҳим кўприк бўлиб хизмат қилади”, – деди Азимбай Бабаниязов.
Хитой Раиси Си Цзиньпин томонидан мамлакатда умумхалқ китобхонлигини ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётгани каби, Ўзбекистонда ҳам Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ёшларни китобга ошно қилиш, уларнинг билимга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


