Кир Стармер Буюк Британия Бош вазири ва Лейбористлар партияси етакчиси лавозимидан кетмоқда
Июнь 22, 2026. 15:20 • 3 дақ
• 111
ЛОНДОН, 22 июнь. /“Дунё” АА/. Кир Стармер Буюк Британия Бош вазири ва Лейбористлар партияси етакчиси лавозимларидан кетишини бугун эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “BBC”га таяниб.
Ҳукумат раҳбари Даунинг-стрит, 10-уйдаги қароргоҳ олдида сўзга чиқиб, партия ичида янги етакчини сайлаш жараёни якунланмагунча ўз лавозимида қолишини маълум қилди. У 9 июль куни янги етакчи лавозимига номзодлар кўрсатишни бошлаш илтимоси билан Лейбористлар партиясининг Миллий ижроия қўмитасига мурожаат қилганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу жараён 16 июлда парламентнинг ёзги таътилига қадар якунланиши лозим.
Шунингдек, у агар партия ичида кураш бўлиб ўтса, янги етакчи парламент ёзги танаффусдан қайтадиган 1 сентябрь санасигача сайланишини қўшимча қилди. Кир Стармер қирол билан суҳбатлашганини ва янги етакчи куздан иш бошлай оладиган тарзда ҳокимиятни топшириш ташкил этилишини тасдиқлаганини таъкидлади.
Ушбу баёнот май ойидаги маҳаллий сайловларда лейбористларнинг мағлубиятга учраши ортидан партия ичидаги босим ҳамда айрим депутатлар томонидан ҳукумат сиёсати ва раҳбариятига нисбатан танқидлар кучайгани фонида янгради.
Истеъфо ҳақидаги миш-мишлар партиядаги рақиби Энди Бёрнемнинг Англия Шимоли-Ғарбидаги Мейкерфилд округида ўтказилган қўшимча сайловларда ғалаба қозонишидан сўнг авж олди. Парламент депутати сифатида қасамёд қабул қилиши кутилаётган Катта Манчестернинг собиқ мэри партия етакчилигига потенциал даъвогар сифатида кўрилмоқда.
Кир Стармер ва молия вазири Рейчел Ривз бюджет сиёсати масалаларида фракция ичидаги норозиликларга дуч келган эди. Ижтимоий таъминот соҳасидаги ислоҳотлар ҳамда Жеффри Эпштейн иши билан алоқадор Питер Манделсоннинг Буюк Британиянинг АҚШдаги элчиси этиб тайинланиши вазиятни янада кескинлаштирди.
2024 йил июль ойидаги умумхалқ сайловларида Лейбористлар партиясининг ишончли ғалаба қозонганига қарамай, Бош вазир иқтисодий ўсишни жадаллаштириш, давлат хизматлари сифатини яхшилаш ва яшаш нархини тушириш бўйича берган ваъдаларини бажаришда қийинчиликларга дуч келди.
Ўтган ҳафта эълон қилинган “Ipsos” сўровномаси маълумотларига кўра, британияликларнинг 52 фоизи Кир Стармер Бош вазир лавозимидан кетиши керак, деб ҳисобласа, 35 фоизи унинг ўз лавозимида қолишини қўллаб-қувватлайди.
Ҳукумат раҳбари ўз нутқида парламентдаги фракциясининг навбатдаги сайловларда партияга етакчилик қилишга лойиқ ёки лойиқмаслиги борасидаги жавобини эшитгани ва буни муносиб тарзда қабул қилишини айтди.
У, шунингдек, Даунинг-стритдаги қароргоҳга кириш ҳаётидаги энг ғурурли лаҳза бўлганини айтиб, сиёсий, молиявий ва маънавий жиҳатдан банкрот бўлган Лейбористлар партиясини мерос қилиб олганини қайд этди.
Бош вазир истеъфога чиққан тақдирда, Британия оммавий ахборот воситаларининг тахминига кўра, партияда тўлақонли ички курашсиз Энди Бёрнемнинг амалда тож кийиши юз бериши мумкин. Бу эса унга партия етакчиси ва, эҳтимол, Бош вазир лавозимига йўл очади.
Шундай қилиб, муддатидан олдин умумхалқ сайловларини ўтказиш талаб этилмайди, чунки Британия конституциявий амалиётига кўра, Бош вазир сайловчиларга мурожаат қилмасдан алмаштирилиши мумкин.
“EPA” агентлиги сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси