Россия ТИВ раҳбари Ғарб билан Украина бўйича музокаралар барбод бўлганини маълум қилди
Июнь 24, 2026. 17:30 • 2 дақ
• 164
МОСКВА, 24 июнь. /“Дунё” АА/. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ТИВ Дипломатик академиясида бўлиб ўтган 12-элчилар давра суҳбатида Ғарб ҳалол воситачи ролини адо эта олмаганини ва уни жиддий қабул қилиш керак эмаслигини айтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Интерфакс”га таяниб.
“Ғарбнинг барча уринишлари ва унга нисбатан холис воситачи сифатидаги умидлар анчадан бери пучга чиққанини инобатга олиб, ҳозир биз махсус ҳарбий операция мақсадларига эришишга диққат қаратмоқдамиз”, – деди дипломат ва “уларни жиддий қабул қилишга ҳожат йўқлигини” қўшимча қилди.
“Қўшма Штатларга келсак, уларнинг ҳаракатларига қараб шундай хулоса қилиш мумкинки, улар гўёки холис воситачи ролига даъвогарлик қилишдан воз кечиб, Россияга қарши санкциялар босимини ошириш йўлидан бормоқда”, – деди Сергей Лавров.
Вазир, шунингдек, “Қўшма Штатлар Президентининг Анкориждан сўнг дарҳол айтган – Украинада бир неча йиллик сулҳ эмас, балки узоқ муддатли тинчлик зарурлиги ҳамда Аляска бу йўналишдаги ҳаракатларга асос солгани ҳақидаги баёноти ҳам унутилди”, – деб қўшимча қилди.
Сергей Лавров “Европадаги ҳозирги элиталар” Россия билан урушга “кечи билан 2030 йилгача” тайёргарлик кўраётганини яширмаётгани ҳақидаги фикрини ҳам билдирди. Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, Россия “Украина билан музокараларни тўхтаб қолган нуқтадан қайта бошлашга тайёр”.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков бугун журналистларга АҚШ Президентининг махсус вакиллари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер бошқа масалалар билан бандлигини, бироқ имкон топиши билан Украина бўйича улар билан алоқалар қайта тикланиши кутилаётганини айтди.
“Биз алоқалар давом эттирилишини тушуниб турибмиз. Уларнинг барча томонларни тинглашга тайёрлиги ҳозирда жуда муҳим. Ҳозирда улар бошқа ишлар билан банд экани тушунарли, аммо қайсидир пайт қўллари бўшайди ва биз келгусидаги ҳамкорликка умид қиламиз”, – дея қайд этди Кремль вакили.
“AP” агентлиги сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси