АҚШ тинчлик битими бўйича музокараларнинг биринчи босқичидан сўнг Эронга қарши санкцияларни вақтинча юмшатди
Июнь 23, 2026. 18:30 • 3 дақ
• 55
ВАШИНГТОН-ТЕҲРОН, 23 июнь. /“Дунё” АА/. Ўтган ҳафта эришилган оралиқ тинчлик битимини амалга ошириш бўйича дастлабки музокаралардан сўнг АҚШ Эронга қарши санкцияларни 60 кунга юмшатди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“AP” агентлигининг хабар беришича, қарор 22 июнь куни кучга кирган ва у Теҳронга 21 августгача нефть ҳамда нефть маҳсулотларини экспорт қилиш, улар учун тўловларни қабул қилиш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ ва Эрон вакиллари ўртасидаги музокаралар аввалроқ Швейцариянинг Бюргеншток шаҳрида Покистон ва Қатар воситачилигида бўлиб ўтган эди. Уларнинг якунлари бўйича томонлар 60 кун ичида доимий битим тузиш учун “Йўл харитаси”ни тайёрлашга келишиб олди.
АҚШ вице-президенти Жей Ди Венс музокаралар якуний келишувга эришиш учун муҳим замин яратганини таъкидлади. Президент Дональд Трамп эса, ўз навбатида, ижтимоий тармоқларда Эрон ўзининг “ядровий ҳалоллиги”ни тасдиқлаш учун инспекцияларга рози бўлишига ишонч билдириб, келишувлар бажарилмаган тақдирда юзага келадиган оқибатлар ҳақида огоҳлантирди.
Бироқ Теҳрон Америка томонининг айрим баёнотларини инкор этди. Эрон ТИВ вакили Исмоил Багаий ядро дастури бўйича музокаралар ҳали бошланмаганини, шикастланган ядровий объектларни текшириш учун Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) вакиллари таклиф этилмаганини ҳамда Швейцарияда агентлик раҳбари Рафаэль Гросси билан учрашувлар ўтказилмаганини маълум қилди.
Эроннинг БМТнинг Женевадаги доимий вакили Али Баҳрайний музокараларда муҳим ижобий силжиш кузатилганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, яқин кунларда санкцияларни бекор қилиш ва ядровий фаолият масалалари бўйича ишчи гуруҳлар тузилади. У, шунингдек, ядровий масала муҳокамаси дастлабки келишув қоидалари бажарилгандан кейингина бошланишини қайд этди.
Эрон томони мамлакатнинг хориждаги музлатилган активларининг бир қисми чиқарилиши мумкинлиги ҳақида хабар берди. Эрон ОАВ маълумотларига кўра, гап ҳар бири 6 миллиард доллардан иборат икки траншда ажратилиши мумкин бўлган 12 миллиард доллар хусусида бормоқда.
Бундан ташқари, Ташқи ишлар вазири Аббос Аракчи нефть ва нефть-кимё маҳсулотлари экспортига қўйилган чекловларни юмшатиш бўйича келишувларга эришилганини маълум қилди. Элчи Али Баҳрайний эса Ҳўрмуз бўғози ҳеч қандай йиғимларсиз очилганини билдирди.
Айни пайтда томонлар ўртасида музлатилган маблағлардан фойдаланиш борасида келишмовчиликлар сақланиб қолмоқда. Жей Ди Венс маблағларнинг бир қисми Америка қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилишга йўналтирилишини айтди. Эрон Марказий банки раиси Абдул Носир Ҳемматий бундай мажбуриятлар мавжудлигини рад этди.
Ливандаги вазият музокараларнинг алоҳида мавзусига айланди. Али Баҳрайнийнинг сўзларига кўра, Ливан масаласи АҚШ ва Эрон ўртасидаги оралиқ битимнинг бир қисмидир.
Воситачилар, шунингдек, Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати ўртасидаги жанговар ҳаракатларни тўхтатиш механизми ҳамда бугундан эътиборан танкер ташувлари фаоллиги тиклана бошлаган Ҳўрмуз бўғози орқали хавфсиз кема қатновини таъминлаш чоралари келишиб олинганини ҳам маълум қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси