ҲАМАС Ғазодаги ҳукуматини тарқатиб юборганини эълон қилди

Июль 07, 2026. 20:25 • 3 дақ

40
ҲАМАС Ғазодаги ҳукуматини тарқатиб юборганини эълон қилди
“AFP” агентлиги сурати

ТОШКЕНТ, 7 июль. /“Дунё” АА/. ҲАМАС ҳаракати Ғазо секторидаги ҳукуматини тарқатиб юборгани ва сулҳ битими доирасида анклав бошқарувини Фаластин Технократик қўмитасига топширишга тайёрлигини эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “CNN”га таяниб.

ҲАМАС вакили, ҳукумат медиа-офиси раҳбари Исмоил ал-Тавабтанинг айтишича, ҳаракат ўтиш даври якунлангач, анклав бошқаруви билан шуғулланувчи Ғазо секторини бошқариш бўйича миллий қўмита (NCAG)га маъмурий ваколатларни топширишга тайёр.

Гуруҳ вакилларининг сўзларига кўра, ҳокимиятни топшириш учун барча зарур маъмурий ва ҳуқуқий тартиб-таомиллар тайёрланган. Шу билан бирга, сони 60 минг кишига яқин деб баҳоланаётган ҲАМАСнинг ҳозирги давлат тузилмалари ходимлари янги маъмурият таркибида фаолиятини давом эттириши мумкин.

Айни пайтда, ҲАМАС баёнотида сулҳ битими иккинчи босқичининг асосий талабларидан бири бўлган ҳаракатни қуролсизлантириш ҳақида маълумот йўқ. Аввалроқ гуруҳ бу шартни бажаришдан бош тортиб, жараён Исроил қўшинларининг Ғазо секторидан олиб чиқилиши билан боғлиқ бўлиши кераклигини таъкидлаган эди.

БМТ ҲАМАСнинг маъмурий ваколатларни ўтиш даври қўмитасига ўтказиш қарорини олқишлади. Ташкилот Бош котибининг матбуот котиби Стефан Дюжаррикнинг айтишича, сулҳ битимининг бажарилишига, тинч аҳолини ҳимоя қилишга ва гуманитар ёрдам етказиб берилишини таъминлашга хизмат қиладиган ҳар қандай қадам ижобий баҳоланади.

Шунингдек ўқинг

Шу билан бирга, сулҳ битимини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш учун тузилган “Тинчлик кенгаши” баёнотларни эмас, балки амалий ҳаракатларни баҳолашини маълум қилди. Ташкилот вакиллари “Ягона ҳокимият, Ягона қонун ва Ягона қурол” тамойилини таъкидлаб, ҲАМАСни яна бир бор қурол-яроғдан воз кечишга чақирди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҲАМАСнинг бу қарори сулҳ режасини амалга ошириш қийинчиликларга дуч келаётган бир пайтда Исроилга босимни кучайтиришга қаратилган бўлиши мумкин. Уларнинг фикрича, гуруҳ халқаро воситачилар ва АҚШга фуқаролик соҳасини бевосита бошқаришдан воз кечишга тайёрлигини кўрсатмоқчи.

Исроил томони эса ҳукуматнинг тарқатиб юборилиши ҲАМАС сектор устидан назоратдан воз кечганини англатмайди, деб ҳисоблайди. Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саарнинг айтишича, ҳаракат Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ташкилоти моделидан фойдаланиб, хавфсизлик масалаларидаги ўз таъсирини сақлаб қолишга уринмоқда.

Эслатиб ўтамиз, октябрь ойида кучга кирган 20 банддан иборат сулҳ режаси жанговар ҳаракатларни тўхтатиш, ўтиш даври маъмуриятини тузиш ва кейинчалик Ғазо секторини тиклашни назарда тутади. Бироқ битимнинг бир қатор асосий қоидалари ҳали амалга оширилгани йўқ.

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу аввалроқ Ғазони фақат ҲАМАС тўлиқ қуролсизлантирилгач ва ҳудуд демилитаризация қилингач, тиклаш мумкинлигини айтган эди. Томонлар ва халқаро воситачилар ўртасидаги музокаралар Қатар, Туркия ва Миср иштирокида давом этмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш