Венесуэладаги зилзилалар қурбонлари сони 3300 кишидан ошди
Июль 06, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 177
КАРАКАС, 6 июль. /“Дунё” АА/. Венесуэлада 24 июнь куни содир бўлган икки кучли зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 3 342 кишига етди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Reuters” агентлигига таяниб.
Венесуэла Алоқа ва ахборотлаштириш вазирлиги маълумотига кўра, 16 минг 470 киши жароҳатланган, яна 17 минг 345 нафар аҳоли бошпанасиз қолган. Минглаб одамлар ҳамон бедарак йўқолган. Шу боис расмийлар қурбонлар сони янада ортиши мумкинлигини истисно этмаяпти.
Қутқарув хизматлари вайронагарчиликлар юз берган жойларда қидирув-қутқарув ишларини давом эттирмоқда. Гуманитар ташкилотлар эса жабрланганларни вақтинчалик бошпана, тиббий ёрдам, озиқ-овқат ва бирламчи эҳтиёж моллари билан таъминламоқда.
24 июндаги зилзилалар Венесуэлада юз йилдан ортиқ вақт ичидаги энг кўп қурбонларга сабаб бўлган зилзила ҳамда 1999 йилдаги вайронкор сув тошқинлари ва сел оқимларидан кейинги мамлакат учун энг йирик табиий офат бўлди.
Расмийлар транспорт ва коммунал инфратузилманинг шикастлангани, давом этаётган афтершоклар (ерости силкинишлари) туфайли қутқарув ишларини олиб бориш мураккаблашаётганини қайд этмоқда. Асосий саъй-ҳаракатлар тирик қолганларни топиш, ҳаётий муҳим объектларни тиклаш ва бошпанасиз қолган аҳолига ёрдам кўрсатишга қаратилган.
Ҳукумат табиий офат оқибатларини бартараф этиш ва зилзиладан энг кўп жабр кўрган ҳудудларни тиклаш дастурларини амалга оширишда давом этишини маълум қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси