IFJ: 2025 йилда бутун дунё бўйлаб 130 га яқин журналист ҳалок бўлди
Январ 03, 2026. 13:27 • 2 дақ
• 288
ТОШКЕНТ, 3 январь. /“Дунё” АА/. Халқаро журналистлар федерацияси (IFJ) ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилда дунёда 128 нафар журналист, жумладан, 10 нафар аёл ҳалок бўлган, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Deutsche Welle” радиостанцияси маълумотига кўра, ушбу статистикада бахтсиз ҳодиса натижасида тўққиз киши ҳалок бўлгани ҳисобга олинган. Таққослаш учун: 2024 йилда IFJ маълумотларига кўра, дунёда 122 нафар журналист, жумладан, 14 нафар аёл ҳалок бўлган. “2024 йилга нисбатан ўсиш журналистлар учун энг юқори хавотир даражасини англатади”, - дея статистикани изоҳлади IFJ раҳбари Энтони Белланжер.
Ташкилот “ҳокимиятнинг оммавий ахборот воситалари ходимларини ҳимоя қилишга қодир эмаслигини” қоралади ва “2026 йилда зўравонлик ва жазосизлик циклига чек қўйиш учун зудлик билан қатъий чоралар кўришга” чақирди.
IFJ маълумотларига кўра, 2025 йилда журналистлар ва бошқа оммавий ахборот воситалари ходимларининг ўлдирилиши билан боғлиқ вазият Яқин Шарқ ва араб тилида сўзлашувчи мамлакатларда энг жиддий бўлган: бу минтақага 58 фоиз ҳолат тўғри келади. Муаллифларнинг кузатувларига кўра, қуролли можаролар ҳудудларида журналистлар энг катта хавфга дучор бўлишади. Хусусан, Яманда 2025 йилда 13 нафар, Украинада 8 нафар, Суданда 6 нафар журналист ҳалок бўлган.
1990 йилда оммавий ахборот воситалари ходимларининг ўлими статистикасини юритиш бошланганидан бери IFJ дунё бўйлаб жами 3173 журналист ўлимини қайд этди. Шунингдек, IFJ 2025 йил 31 декабрь ҳолатига кўра, бутун дунё бўйлаб 533 нафар журналист қамоқда сақланаётгани ҳақидаги маълумотларни эълон қилди.
IFJнинг дунё бўйлаб ўлдирилган журналистлар сони статистикаси “Чегара билмас мухбирлар” (RSF) томонидан тузилган шунга ўхшаш статистикадан фарқ қилади. Ушбу ННТ маълумотларига кўра, 2025 йилда дунё бўйлаб 67 нафар ОАВ ходими ўз вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган. ЮНЕСКО ҳисоб-китобларига кўра, бу кўрсаткич 93 кишини ташкил этади.
Расм RTDNA сайтидан олинди
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси