Logo

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида "BDAIM-2025" халқаро илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди

Май 27, 2025. 16:42 • 2 дақ

108
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида "BDAIM-2025" халқаро илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди

ТОШКЕНТ, 27 май. /"Дунё"/ АА. Бугун Ташқи ишлар вазирлиги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида (ЖИДУ) "Халқаро ижтимоий-иқтисодий жараёнларни моделлаштиришда катта маълумотлар ва сунъий интеллект – BDAIM-2025" мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Конференция Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети томонидан Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Москва давлат халқаро муносабатлар институти ва Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Конференция иқтисодиёт, таълим, ҳуқуқ ва халқаро муносабатларни рақамли трансформациясининг истиқболлари, сунъий интеллект ва катта маълумотларни таҳлил қилишнинг замонавий технологияларидан фойдаланиш масалалари муҳокамасига бағишланди.

Иштирокчилар халқаро чақириқлар ва бугунги кунда дунёда кечаётган глобал муаммолар шароитида интеллектуал тизимларни қўллаш имкониятларини, барқарор ривожланиш стратегиялари ва илмий-амалий соҳаларда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга эътибор қаратган ҳолда кўриб чиқдилар.

ЖИДУ проректори Музаффар Жалолов рақамли технологияларнинг ривожланиши бугунги кунда сунъий интеллект яратилишига олиб келганини таъкидлади. Сунъий интеллектнинг яратилиши одамларга кўплаб вазифаларни бажаришни осонлаштиради ва қисқа вақт ичида энг қийин муаммоларни самарали ҳал қилиш ечимини тақдим этмоқда.

Айниқса, сунъий интеллектнинг этик ва ҳуқуқий тартибга солиниши, глобал хатарларнинг прогнози, таълим тизимига интеллектуал тизимларни жорий этиш, шунингдек барқарор ривожланишнинг математик ва эконометрик таҳлили бўйича масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Фанлараро ёндашув туфайли конференция иқтисодиёт, рақамли технологиялар ва халқаро ҳамкорлик чорраҳасида юзага келган мураккаб масалаларни ҳал қилишда илмий ва амалий ёндашувларни бирлаштириш имконини берди.

"BDAIM-2025" конференциясининг ўтказилиши рақамли технологиялар жадал ривожланаётган даврда халқаро илмий мулоқот ва ҳамкорлик муҳимлигини яна бир бор тасдиқлади. Турли мамлакатлардан олимлар, экспертлар ва амалиётчиларнинг саъй-ҳаракатлари бирлашгани натижасида нафақат илғор тажрибалар билан ўртоқлашилди, балки иқтисодиёт, технологиялар ва барқарор ривожланиш чорраҳасида ҳамкорликдаги тадқиқотлар йўналишлари ва амалий ечимларни жорий этиш йўллари белгилаб олинди.

Конференция илмий алоқаларни мустаҳкамлаш ва сунъий интеллект ҳамда катта маълумотлардан масъулиятли ва инновацион фойдаланишга йўналтирилган глобал ҳамжамиятни шакллантириш йўлида муҳим қадамлардан бири бўлди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш