Хитой роботлари 100 метр масофага югуришда Усаин Болтдан яхшироқ натижа кўрсатди
Август 24, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 144
ПЕКИН, 24 август. /“Дунё” АА/. Пекиндаги бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон гуманоид роботлар ўйинларида Хитойнинг “Tiangong Ultra” роботи 100 метр масофани 9,39 сонияда босиб ўтиб, рекордчи Усаин Болтдан яхшироқ натижа кўрсатди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “BBC”га таяниб.
Шу тариқа, Пекин гуманоид роботлар инновация маркази томонидан ишлаб чиқилган “Tiangong Ultra” Бутунжаҳон ўйинларининг югуриш беллашувида ғолиб чиқди.
Масофа бошида робот “Honor” смартфон ишлаб чиқарувчисининг “Lightning” номли гуманоид роботидан ортда қолаётган эди. Бироқ марра чизиғида ундан ўзиб кетди. “Lightning” эса 9,47 сония натижа қайд этди.
Ҳар икки натижа ҳам Усаин Болтнинг 2009 йилда Берлиндаги жаҳон чемпионатида ўрнатган 9,58 сониялик жаҳон рекордидан юқори бўлди.
Роботларнинг маррага етиб келиши унчалик ҳам ҳайратланарли бўлмади: “Tiangong Ultra” чизиқни кесиб ўтгач, мувозанатини йўқотиб, югуриш йўлакчаси четига чиқиб кетди ва томошабинлар четга чиқишига мажбур бўлди. “Lightning” эса йиқилиб тушди ва замбилда олиб чиқиб кетилди.
Мусобақа давомида натижалар бир йил аввалгидан яхшилангани маълум бўлди. Ўтган ўйинларда “Tiangong Ultra” юз метрлик масофани 21,50 сонияда босиб ўтганди. Дам олиш кунлари Хитой ОАВ “Lightning” синов пойгасида 9,32 сония натижа кўрсатиб, сониясига 14,5 метр максимал тезликка эришгани ҳақида хабар берди.
Хитойда ўтказилаётган иккинчи Бутунжаҳон гуманоид роботлар ўйинлари 26 августгача давом этади. Унда 16 мамлакат ва олти қитъадан 666 та жамоага бирлашган 2056 та робот иштирок этмоқда. Бу ўтган йилгига нисбатан қарийб тўрт баравар кўпдир.
Мусобақа дастури 51 та йўналишни ўз ичига олади, улар орасида енгил атлетика, футбол, рақс ва амалий топшириқлар бор. Очилиш маросимида роботлар кўргазмали футбол ўйини намойиш этди, теннис ва стол теннисида эса одамлар билан бирга қатнашди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси