Нью-Йорк суди АҚШ маъмуриятининг 75 мамлакат, жумладан, Марказий Осиё давлатлари фуқароларига иммиграцион визалар бериш тақиқини бекор қилди
Август 22, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 106
ВАШИНГТОН, 22 август. /“Дунё” АА/. Нью-Йорк Жанубий округи федерал суди АҚШ маъмуриятининг 75 давлат фуқароларига иммиграция визаларини беришни вақтинча тўхтатиш тўғрисидаги қарорини бекор қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “The New York Times” нашрига таяниб.
Судья Женнет Варгас мазкур сиёсатни “очиқ-ойдин қонунга хилоф” деб баҳолади. Унинг сўзларига кўра, визаларни аризачининг фуқаролиги асосида беришни тақиқлаш АҚШнинг федерал иммиграция қонунчилигига зид ҳисобланади.
Жорий йил январь ойида кучга кирган чекловлар Лотин Америкаси, Болқон, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё, Африка, Яқин Шарқ ҳамда Кариб ҳавзаси давлатларини қамраб олган.
Марказий Осиё давлатларидан Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳам мазкур рўйхатга киритилган. Шунингдек, чекловлар Афғонистон, Арманистон, Озарбайжон, Грузия, Россия, Беларусь, Молдова ва Шарқий Европанинг қатор бошқа давлатлари фуқароларига ҳам татбиқ этилган.
АҚШ Давлат департаменти визалар беришни тўхтатишга ушбу давлатлар фуқароларининг мамлакатда давлат ресурсларига қарам бўлиб қолиш хавфи юқори эканини асос қилиб келтирган.
Маъмурият қароридан норози бўлган ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар, иммиграция визасига даъво қилувчилар ҳамда қариндошларининг АҚШга кўчиб ўтишини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаган америкалик фуқаролар судга мурожаат қилган.
Суднинг мазкур қарори АҚШда амалдаги маъмуриятнинг иммиграция сиёсатини қатъийлаштириши юзасидан давом этаётган суд жараёнларининг навбатдаги босқичи бўлди. АҚШ Давлат департаменти ҳозирча суд қарори юзасидан расмий муносабат билдирмаган.
“Bloomberg” сайтидан олинган сурат
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси