Лаос ШҲТнинг мулоқот бўйича шериги мақомини олди

Июль 11, 2026. 13:30 • 2 дақ

100
Лаос ШҲТнинг мулоқот бўйича шериги мақомини олди

ПЕКИН, 11 июль. /“Дунё” АА/. Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) Котибиятида Лаос Халқ Демократик Республикасига ташкилотнинг мулоқот бўйича шериги мақомини бериш тўғрисидаги Меморандумни имзолаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Котибият маълумотига кўра, ҳужжатни ташкилот бош котиби Нурлан Ермекбаев ва Лаос бош вазирининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири Тхонгсаван Фомвихан имзолади.

Шу муносбат билан ўтказилган учрашувда Нурлан Ермекбаев Лаос томонини янги мақомнинг расмийлаштирилгани билан табриклаб, Вьентьян ташкилотнинг кўп қиррали кун тартибини амалга оширишда фаол иштирок этишига ишонч билдирди. Бош котиб, шунингдек, суҳбатдошига ШҲТ фаолиятининг долзарб масалалари ва ташкилотнинг Бишкекда бўлиб ўтадиган навбатдаги саммитига кўрилаётган тайёргарлик жараёни ҳақида сўзлаб берди.

Ўз навбатида, Лаос ТИВ раҳбари ШҲТнинг халқаро майдондаги ролини юқори баҳолаб, мамлакати ташкилот доирасидаги ҳамкорликка катта аҳамият бераётганини таъкидлади. Томонлар имзоланган меморандумни ҳаётга татбиқ этиш бўйича амалий қадамларни ҳамда ШҲТ ва АСЕАН ўртасидаги шериклик масалаларини ҳам муҳокама қилди.

Шунингдек ўқинг

Тантанали маросимда ШҲТга аъзо давлатларнинг ташкилот Котибияти ҳузуридаги доимий вакиллари, Хитойда аккредитациядан ўтган элчилар, аъзо мамлакатлар ва мулоқот бўйича шериклар дипломатик миссияларининг ходимлари иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Беларусь, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон ШҲТга аъзо давлатлар ҳисобланади.

Лаоснинг қўшилишидан кейин ШҲТнинг мулоқот бўйича шериклари сони ўн бештага етди. Улар қаторидан Озарбайжон, Арманистон, Баҳрайн, Миср, Камбоджа, Қатар, Кувейт, Лаос, Мальдив ороллари, Мьянма, Непал, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Шри-Ланка ва Туркия жой олган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш