АҚШ билан қайта бошланган можаро фонида Машҳадда Эроннинг марҳум олий раҳбари дафн этилди
Июль 10, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 180
МАШҲАД, 10 июль. /“Дунё” АА/. Эроннинг муқаддас Машҳад шаҳри кўчаларига Эроннинг марҳум олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийни сўнгги йўлга кузатиш учун жуда кўп одам йиғилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “BBC”га таяниб.
Али Хоманаий, унинг набираси, куёви, қизи ва келинининг тобутлари ортилган самолёт Ироқдан Машҳадга етиб келди. Ироқда ҳам минглаб кишилар иштирокида мотам маросимлари бўлиб ўтган эди. Сўнгра олий раҳнамо Эроннинг асосий шиа зиёратгоҳи бўлган Имом Ризо мақбарасига дафн қилинди. Мазкур маросим Эрон ва қўшни Ироқнинг бешта шаҳрида ўтказилган олти кунлик умуммиллий мотамга якун ясади.
Таъкидлаш жоизки, дафн маросими Эрон ва АҚШ ўзаро зарбалар алмашганидан сўнг бўлиб ўтди. Бу эса Оятуллоҳ Али Хоманаий ҳалок бўлишига сабаб бўлган урушни тўхтатиш бўйича дастлабки келишувни хавф остига қўйди.
Шундан сўнг унинг ўғли Можтаба Хоманаий ворис этиб тайинланди. Хабарларга кўра, у ҳам айни шу ҳужумда оғир яраланган ва ўшандан бери омма олдида кўриниш бермаган. Унинг ўрнига Эрондаги маросимларда ҳалок бўлган раҳбарнинг бошқа ўғиллари иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, 3 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ўнлаб давлатлар делегациялари қаторида Теҳрондаги видолашув маросимларида қатнашган эди.
Шу билан бирга, АҚШ Президенти Дональд Трамп Американинг зарбалари анча кучлироқ бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Ўз навбатида, Ислом инқилоби посбонлари корпуси Қувайт, Баҳрайн, Иордания, Ироқ ва Қатардаги Америка ҳарбий объектларига зарба берилганини маълум қилди.
Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, бешта вилоятда 14 киши ҳалок бўлган ва 78 киши жароҳатланган.
Уч ҳафта аввал АҚШ ва Эрон ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни кўзда тутувчи ўзаро англашув меморандумини имзолаган эди. Бироқ 9 июль куни Дональд Трамп ушбу меморандум, энди амал қилмаслигини таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси