Ўзбекистон МАГАТЭнинг нуфузли халқаро тадбирига мезбонлик қилади
Июнь 10, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 77
ВЕНА, 10 июнь /“Дунё” АА/. Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) шу йил 26–30 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида эскирган ядро реакторларини эксплуатациядан чиқариш соҳасидаги тадқиқотларни мувофиқлаштириш бўйича учинчи халқаро йиғилишни ўтказишни режалаштирмоқда, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур йиғилиш эскирган реакторларни эксплуатациядан чиқариш жараёнларини жадаллаштиришга қаратилган илмий тадқиқотлар ва технологик ишланмалар муҳокамасига бағишланади.
Тадбир доирасида замонавий демонтаж технологиялари, радиоактив чиқиндиларни бошқариш, гамма-сканерлаш усуллари, қурилиш конструкцияларининг активациясини 3D моделлаштириш ҳамда ушбу соҳадаги илғор халқаро тажрибалар муҳокама қилинади.
Йиғилишда МАГАТЭ мутахассислари билан бир қаторда Болгария, Миср, Индонезия, Эрон, Италия, Қозоғистон, Хитой, Словакия, АҚШ, Ўзбекистон, Украина ва Франциядан келадиган олимлар иштирок этиши кутилмоқда.
Ўзбекистон мазкур соҳада салмоқли амалий тажрибага эга. Хусусан, 2017 йилда Тошкент шаҳридаги ИИН-3М «Фотон» тадқиқот реактори МАГАТЭ ва халқаро ҳамкорлар кўмагида муваффақиятли равишда эксплуатациядан чиқарилган.
Ушбу лойиҳа доирасида орттирилган тажриба тадқиқот реакторларини хавфсиз демонтаж қилиш, радиоактив материаллар билан муомала қилиш ҳамда халқаро хавфсизлик стандартларини қўллаш соҳасида муҳим аҳамият касб этади.
Тошкент шаҳрида ушбу халқаро тадбирнинг ўтказилиши Ўзбекистоннинг ядровий хавфсизлик, илмий тадқиқотлар ва халқаро ҳамкорлик соҳаларидаги иштирокини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, мазкур йиғилиш мамлакатимиз мутахассисларига халқаро экспертлар билан тажриба алмашиш ва илғор технологиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга кўмаклашади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси