Logo

Лиссабонда фуникулёр релсдан чиқиб кетиши натижасида 15 киши ҳалок бўлди

Сентябрь 04, 2025. 10:15 • 54 сония

300
Лиссабонда фуникулёр релсдан чиқиб кетиши натижасида 15 киши ҳалок бўлди

ЛИССАБОН, 4 сентябрь. /"Дунё" АА/. Португалияда пойтахтнинг асосий сайёҳлик жойларидан бири бўлган 140 йиллик "Глория" фуникулёрининг релсдан чиқиб кетиши натижасида 15 киши ҳалок бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Португалиянинг "Lusa" ахборот агентлиги маълумотига кўра, яна 23 киши жароҳатланган, уларнинг аксарияти касалхонага ётқизилган. Жароҳатланганларнинг беш нафари оғир аҳволда.

Қайд этилишича, 3 сентябрь куни соат 18:05 (Тошкент вақти билан 22:05) атрофида юз берган бахтсиз ҳодисада ҳалок бўлганлар орасида хорижий мамлакатлар фуқаролари ҳам бўлган, бироқ уларнинг фуқаролиги ҳали тасдиқланмаган.

Португалия Президенти Марселу Ребелу де Соуза фожиали воқеа муносабати билан ҳамдардлик билдирди ва ҳукумат ҳалокат сабабларини тез орада аниқлашига умид билдирди. Мамлакатда пайшанба куни миллий мотам куни, деб эълон қилинди.

"Полиция ва бошқа фавқулодда хизматлар ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини текширмоқда", – дейилади нашрда.

1885 йилда очилган фуникулёр йўли Лиссабон марказини тунги "ҳаёти" билан машҳур Байрру-Алту тумани билан боғлайди. Бу сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли томонидан ишлатиладиган учта йўналишдан биридир. "Глория" фуникулёридан ҳар йили 3 миллионга яқин киши фойдаланади.

"AFP" агентлиги олган сурат

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш