Саудия Арабистонида меҳнат қилаётган ҳамюртларга яратилган шароитлар ўрганилди

Август 24, 2026. 19:00 • 2 дақ

24
Саудия Арабистонида меҳнат қилаётган ҳамюртларга яратилган шароитлар ўрганилди

ЖИДДА, 24 август. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Жидда шаҳридаги Бош консулхонаси вакиллари Рабиғ минтақасидаги “Alkon Constraction Company” томонидан саноат зоналарини барпо этишга жалб қилинган Ўзбекистон фуқаролари яшайдиган ҳудудга ташриф буюрди., деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Подшоҳликдаги етакчи инфратузилма ва қурилиш компанияларидан бири ҳисобланган “Alkon Constraction Company” мамлакатнинг “Vision 2030” дастури доирасида саноат зоналарини барпо қилиш бўйича йирик лойиҳаларда иштирок этиб келмоқда.

Ватандошлар билан ўтказилган учрашувда уларга яратилган меҳнат ва яшаш шароитлари ўрганилди. Аниқланишича, ҳамюртларимизга бериладиган энг кам ойлик иш ҳақи 1200 АҚШ доллари атрофида. Шартномада белгиланган иш вақтидан ортиқча ишларга жалб қилинган тақдирда, ҳар бир соат учун қўшимча ҳақ тўланади.

Юртдошларимизнинг маълум қилишича, компания томонидан Бангладеш, Покистон, Непал ва Африка мамлакатларидан минглаб мигрантлар жалб қилинган. Иш берувчилар томонидан кўпмиллатли ишчилар жамоасида Ўзбекистон фуқароларига алоҳида эътибор қаратилмоқда, яъни ойлик маошлар нисбатан баланд, озиқ-овқатлар сифатли, яшаш шароитлари жуда қулай. Ҳафтанинг ҳар жума куни дам олиш куни сифатида белгиланган ва шу куни Макка ва Мадина шаҳарларига зиёратларни амалга оширишлари учун автобуслар қатнови йўлга қўйилган.

Ҳамюртларимиз билан суҳбат давомида уларга вақтинча консуллик рўйхатидан ўтиши лозимлиги тушунтирилди. Бунинг учун уларга консуллик рақами тақдим қилинди. Ватандошлар улар билан ўтказилган сайёр учрашувдан хурсанд бўлганини таъкидлаб, дипломатларга алоҳида миннатдорлик билдирди.


Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш