Хитойнинг етакчи компанияси Ўзбекистонда янги интернет провайдер зоналарини очишини эълон қилди

Июнь 04, 2026. 23:25 • 2 дақ

47
Хитойнинг етакчи компанияси Ўзбекистонда янги интернет провайдер зоналарини очишини эълон қилди
Хитойнинг етакчи компанияси Ўзбекистонда янги интернет провайдер зоналарини очишини эълон қилди
Хитойнинг етакчи компанияси Ўзбекистонда янги интернет провайдер зоналарини очишини эълон қилди

ШАНХАЙ, 4 июнь. /“Дунё” АА/. Хитойнинг Чжецзян провинцияси Савдо-саноат палатаси, Рақамли глобаллашув ассоциацияси ва “UCloud” компанияси ҳамкорлигида Ўзбекистоннинг инвестиция салоҳиятига бағишланган тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбир давомида Ўзбекистон Марказий Осиёда рақамли инфратузилмани ривожлантириш учун қулай ва етакчи платформалардан бирига айланиб бораётгани таъкидланди.

Иштирокчилар Хитой бизнесининг Ўзбекистон йўналишидаги иштирокини кенгайтириш имкониятлари ва янги бозорларга чиқиш стратегиялари юзасидан фикр алмашди.

Шунингдек, булутли хизматларни маҳаллийлаштириш бўйича амалий тажрибалар муҳокама қилинди. Ҳудуддаги корхоналарнинг рақамли трансформациясини қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирнинг асосий воқеаларидан бири — “UCloud” компаниясининг Ўзбекистонда янги интернет провайдер зоналарини очиши ҳақидаги эълони бўлди.

Компания ижрочи директори Цзи Синьхуаннинг таъкидлашича, Ўзбекистонда рақамли иқтисодиёт жадал ривожланмоқда, давлат тузилмалари, молия сектори, чакана савдо ва логистика соҳалари рақамли трансформация босқичидан ўтмоқда.

Хитой томони мамлакат салоҳиятини юқори баҳолаб, маҳаллий бизнесни жаҳон стандартларига жавоб берадиган ишончли, юқори унумдорликка эга ва хавфсиз инфратузилма билан таъминлашга тайёрлигини билдирди.

“UCloud” бутун дунё бўйлаб корхоналар учун хавфсиз, кенгайтириладиган ва юқори самарали интернет хизматларини тақдим этадиган етакчи провайдер ҳисобланади. Компания глобал инфратузилмани ривожлантиришга фаол сармоя киритиб, стратегик аҳамиятга эга ҳудудларда янги мавжудлик зоналарини очиб келмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш