Украина Президенти янги бош вазир лавозимига номзод тақдим этди
Июль 16, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 127
КИEВ, 16 июль. /“Дунё” АА/. Украина Президенти Владимир Зеленский Олий Радага (парламент) Сергей Корецкийни мамлакат Бош вазири лавозимига тайинлаш тўғрисида тақдимнома киритди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Бу ҳақда Украина парламенти спикери Руслан Стефанчук ўзининг “Facebook”даги саҳифасида эълон қилди. Унинг қўшимча қилишича, парламент давлат раҳбарининг тақдимномасини белгиланган тартибга мувофиқ яқин вақт ичида кўриб чиқади.
Бир кун аввал Олий Рада Юлия Свириденконинг бош вазир лавозимидан истеъфосини қўллаб-қувватлаган эди. У 2025 йилнинг 17 июлидан буён ҳукуматга раҳбарлик қилиб келаётганди. Мазкур қарор бутун ҳукуматнинг истеъфога чиқишини ҳам англатади.
Депутат Ярослав Железняк аввалроқ бу лавозимга дастлаб тўртта эҳтимолий номзод сифатида – “Нафтогаза Украина” бошқаруви раиси Сергей Корецкий, энергетика вазири Денис Шмигаль, мудофаа вазири Михаил Федоров ва Харьков мэри Игорь Терехов кўриб чиқилганини маълум қилган эди.
Шундан сўнг, президент Владимир Зеленский барча маслаҳатлашувлардан кейин бош вазир лавозимига Сергей Корецкийни энг муносиб номзод деб ҳисоблашини баён қилди.
Парламент бугуноқ ҳукуматнинг янги раҳбарини тасдиқлашни ва янги Вазирлар Маҳкамаси учун овоз беришни режалаштирмоқда. Ҳукуматнинг деярли бутун таркиби маълум. Украина ОАВ маълумотларига кўра, энг муҳим ўзгариш мудофаа вазири Михаил Федоровнинг лавозимидан олинишидир. Мудофаа идораси раҳбари лавозимини Ички ишлар вазири Игорь Клименко эгаллаши мумкин. Шу билан бирга, Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига ўз лавозимида қолади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси