Ўзбекистон Олмаотада бўлиб ўтган минтақадаги энг йирик сунъий интеллект форумида IT-экотизимини тақдим этди
Май 06, 2026. 20:06 • 2 дақ
• 49ОЛМАОТА, 6 май. /“Дунё” АА/. Олмаота шаҳрида илк бор сунъий интеллект, рақамли иқтисодиёт ва инновацион инфратузилмани ривожлантиришга бағишланган “GITEX AI Kazakhstan” халқаро форуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Атакент” халқаро кўргазма марказида ўтказилган форумда сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва инновациялар соҳасидаги янгиликлар ҳамда таклифлар муҳокама қилинди.
Халқаро форумда Марказий Осиё, Кавказ, Яқин Шарқ, Европа ва Осиёдан 400 дан ортиқ компания ва ташкилотлар, 15 мингдан зиёд иштирокчи – давлат вакиллари, инвесторлар, экспертлар ва стартаплар қатнашди.
Очилиш маросимида қатнашган Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиёт мамлакат ва минтақанинг барқарор ривожи учун стратегик аҳамиятга эга эканини таъкидлади. У AI технологияларини жорий этиш иқтисодиёт рақобатбардошлигини ошириш, давлат бошқарувини модернизация қилиш ва инсон капиталини ривожлантиришда муҳим эканини қайд этди.
Форумда Ўзбекистоннинг ягона миллий стенди ҳам намойиш этилди. У Сирдарё вилояти ҳокимлиги, “IT Park Uzbekistan” ва Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Стендда IT Park резидентларига мансуб ўндан ортиқ технологик компания ва стартаплар ўз маҳсулот ва ечимларини тақдим этди.
Ўзбекистон делегацияси B2B шаклидаги учрашувларда иштирок этиб, инвесторлар ва ҳамкорлар билан музокаралар ўтказди ҳамда форум сессияларида қатнашди.
Иштирокчилар Ўзбекистонда сунъий интеллект ва рақамли технологиялар жадал ривожланаётганини, давлат бошқаруви ва бизнес соҳаларида AI ечимлари кенг жорий этилаётганини таъкидлади. Шу билан бирга, мамлакат Марказий Осиёда АКТ ва сунъий интеллект соҳасида етакчи ўринлардан бирини эгаллаб, минтақавий рақамли трансформациянинг муҳим драйверига айланаётгани қайд этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


