Logo

АҚШ икки ҳафта ичида Исроил ва Эрон ўртасидаги можарога аралашиш ёки аралашмаслик ҳақида қарор қабул қилади

Июнь 21, 2025. 11:15 • 2 дақ

36
АҚШ икки ҳафта ичида Исроил ва Эрон ўртасидаги можарога аралашиш ёки аралашмаслик ҳақида қарор қабул қилади

ТОШКЕНТ, 21 июнь. /"Дунё" АА/. Президент Дональд Трамп икки ҳафта ичида америкалик ҳарбийларнинг Исроил ва Эрон ўртасидаги можарода бевосита иштирок этиши ёки этмаслиги тўғрисида қарор қабул қилишини айтди, деб хабар беради "Дунё" АА мухбири.

Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт маълум қилди. "Яқин келажакда бўлиб ўтиши ёки бўлмаслиги мумкин бўлган Эрон билан музокаралар ўтказиш эҳтимоли катта эканлигидан келиб чиқиб, мен яқин икки ҳафта ичида бир қарорга келаман", – дейилади президент мурожаатида.


Унинг қўшимча қилишича, АҚШ раҳбарининг "биринчи устувор вазифаси" Эрон ядро қуролини муваффақиятли ярата олмаслигини таъминлашдир. Бу янгилик АҚШ етакчиси можарога киришиш тўғрисида қарор қабул қилмаганини айтганидан кейин, "The Wall Street Journal" газетасида президент гўёки буни амалга оширгани, лекин уни амалда бажариш бўйича ҳали буйруқ бермагани ҳақидаги хабарни рад этганидан кейин пайдо бўлди.


Маъмуриятнинг таъкидлашича, Эрон ядро қуролини муваффақиятли яратишга "ҳеч қачон яқин бўлмаган". Президент разведка маълумотларини, шу жумладан, шу йил бошида Миллий разведка директори Тулси Габбарднинг Конгрессга Эрон ядро қуролини яратишни режалаштирмагани ҳақидаги фикрларини рад этди.


Америка оммавий ахборот воситаларининг маълум қилишича, президент Эроннинг уранни бойитиш бўйича ер ости Фордо ядровий иншоотига зарба бериш имкониятини кўриб чиқмоқда.


Объектнинг тоғлар орасида жойлашгани Исроил қуролларининг унга етиб боришига тўсқинлик қилмоқда.  ОАВ кўра, "GBU-57" аниқ бошқариладиган бункер бустер бомбаси ва бундай бомбани олиб юришга қодир бомбардимончи самолётга эга бўлган ягона давлат АҚШдир.


Бош вазир Биньямин Нетаньяху, Дональд Трамп "Америка учун энг яхши нарсани қилишига" ишонишини айтди. Эрон зарбаларига учраган Исроилнинг Беершеба шаҳрида сўзлар экан, у яна қуйидагиларни таъкидлади: "Айтишим мумкинки, улар аллақачон кўп ёрдам беришмоқда".


Эрон томони, ўз навбатида, Фордодан фақат фуқаролик мақсадларида фойдаланилишини таъкидламоқда. Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Саид Хатибзода "BBC" учун интервьюсида "биринчи вариант" сифатида дипломатияга умид қилишини, аммо портлаш давом этар экан, "ҳеч қандай музокара бошлай олмаймиз" деди. Унинг сўзларига кўра, АҚШнинг аралашуви "бутун минтақа учун дўзахга айланади", тажовузни давом эттиради ва "шафқатсиз ваҳшийликлар"ни тугатишни кечиктиради. Саид Хатибзода, шунингдек, "бу Американинг уруши эмас", – дея урғулаган.


"The Associated Press" олган сурат

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш