АҚШ ва Эрон сулҳга зид равишда яна бир-бирига зарба бермоқда

Июль 08, 2026. 12:00 • 3 дақ

111
АҚШ ва Эрон сулҳга зид равишда яна бир-бирига зарба бермоқда
“AP” агентлиги сурати

ВАШИНГТОН-ТЕҲРОН, 8 июль. /“Дунё” АА/. АҚШ Эрон ҳудудига янги оммавий зарбалар берди ва бу операция Теҳроннинг Ҳурмуз бўғозидаги учта савдо кемасига қарши ҳужумларига жавоб бўлганини маълум қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “AP” агентлигига таяниб.

АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) маълумотларига кўра, Эроннинг ҳаракатлари ўт очишни тўхтатиш режимини бузган “асоссиз ва хавфли тажовуз” бўлди.

Қайд этилишича, Америка зарбалари Эроннинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, бошқарув ва алоқа тармоқлари, қирғоқ радиолокацион станциялари, кемаларга қарши мудофаа воситалари ҳамда Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг 60 дан ортиқ қайиқларига қаратилган.

Эрон зарбалар берилганини тасдиқлади, бироқ ҳеч қандай талафот ҳақида хабар бермади. Эрон оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, портлашлар овози Бандар-Аббос, Кешм ороли ва қирғоқ бўйидаги Сирик шаҳрида эшитилган.

Буюк Британия денгиз флоти қошидаги Денгиз савдо ташувларини мувофиқлаштириш маркази (UKMTO) маълумотларига кўра, танкерлардан бири дрон зарбасига учраган ва енгил шикастланган. Экипажнинг сўзларига кўра, номаълум снаряд билан урилган Қатар газ ташувчиси жиддий шикастланган. Учинчи кема ҳақида тафсилотлар келтирилмаган.

Эрон ОАВ маълумот беришича, газ ташувчи огоҳлантиришларга эътибор бермагани учун ҳужумга учраган. Теҳрон аввалроқ, Эрон томони белгилаган фақат Ҳурмуз бўғози орқали ўтиш йўли хавфсиз эканини бир неча бор таъкидлаган эди.

Шунингдек ўқинг

Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Казем Ғарибободий зарбаларни эришилган келишувнинг “жиддий бузилиши” деб атади. Унинг сўзларига кўра, Эрон ўз миллий манфаатлари ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун қатъий чоралар кўради.

Вашингтон ва Теҳрон ўртасида меморандум имзоланганидан кейин 60 кун ичида томонлар Эроннинг ядровий дастури, қўшни мамлакатлардан Америка қўшинларини олиб чиқиш, кемаларнинг Ҳурмуз бўғозидан ўтиш тартиби билан боғлиқ масалаларни келишиб олишлари керак. Музокараларнинг бориши ҳақида ҳозирча маълумот берилмаган.

АҚШнинг янги зарбаларидан сўнг Эрон Баҳрайн ва Қувайтдаги объектларга жавоб зарбаларини берди. Ўзаро ҳужумлар ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича вақтинчалик келишувни бузиш ва Яқин Шарқда можаронинг янги эскалацияси хавфини кучайтирди.

28 февраль куни урушнинг дастлабки кунларида ҳалок бўлган Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий билан бир неча кунлик видолашув маросими чоғида вазият кескинлашди. Таъзия тадбирлари якунлангач, томонлар якуний келишув бўйича музокараларга қайтишлари кутилган эди, бироқ сўнгги воқеалар бу жараённи шубҳа остига қўйди.

“Қўрқитиш ва товламачилик даври тугади. Бу ҳеч нарсага олиб келмайди. Биз чекинмаймиз”, – деди Эрон парламенти спикери Муҳаммад Бағир Ғолибоф.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш