Ливанда сулҳнинг дастлабки 10 кунида 65 киши, Ғазода эса сўнгги суткада етти киши ҳалок бўлди
Июль 08, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 108
БАЙРУТ, 8 июль. /“Дунё” АА/. Ливан–Исроил ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув амалда бўлган дастлабки 10 кун ичида Исроил зарбалари оқибатида 65 киши ҳалок бўлди,170 киши жароҳатланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Ливаннинг “Al-Axbar” газетасига таяниб.
Нашрда тaъкидланишича, сулҳга қарамай Исроил томонидан 180 тадан 230 тагача қоидабузарлик қайд этилди. Исроилнинг қоидабузарликлари ҳаво ҳужумлари, артиллерия зарбалари, қуруқликдаги босқинлар ва дронларнинг жадаллик билан учишини ўз ичига олган.
Ливан хавфсизлик идораларининг маълум қилишича, исроиллик муҳожирлар ҳарбийлар ҳимояси остида Ливан жанубий чегарасини кесиб ўтган. Исроил армияси эса Али ат-Тоҳир тепалигининг шарқий томонига байроқ ўрнатиш учун учувчисиз қурилмадан фойдаланган.
“Reuters” агентлигининг хабар беришича, Ғазо секторида Исроилнинг ҳаво ҳужумлари ва отишмалари натижасида камида етти нафар фаластинлик, жумладан, бир гўдак вафот этган.
Шифокорларнинг сўзларига кўра, Исроил томонидан бир неча ҳаво ҳужуми кўчирилган оилалар яшаётган чодир лагерлари яқинига уюштирилган. Шунингдек, Ғазо шаҳрида автомобилга берилган ҳаво зарбаси оқибатида уч киши, хусусан, бир бола ҳалок бўлган.
Ҳалок бўлганлардан бири анклавдаги фаластинликларга ёрдам кўрсатувчи Миср ёрдам қўмитасида ишлаган Муҳаммад ал-Ваҳиди экани аниқланди. Исроил ҳарбийлари эса агентликка уларнинг нишони ҲАМАС жангарилари бўлганини айтган.
Саккиз ой олдин ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув кучга кирганидан буён Ғазода 1070 дан ортиқ фаластинлик ва тўрт нафар исроиллик аскар ўлдирилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси