АҚШ ва Қатар қиймати 1 триллион доллардан зиёд бўлган шартнома имзолади
Май 15, 2025. 11:59 • 2 дақ
• 80
ТОШКЕНТ, 16 май. /"Дунё" АА/. АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний 14 май куни умумий қиймати 1,2 триллион доллардан зиёд бўлган битимни имзоладилар, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Оқ уй матбуот хизмати маълумотига кўра, қиймати 243,3 миллиард доллардан ортиқ бўлган тижорат келишувлари "Qatar Airways" учун ҳаво кемалари ва авиация двигателларини етказиб беришни назарда тутади.
"Boeing" ва "GE Aviation" авиакомпаниялари ҳамда "Qatar Airways" ўртасида тузилган 96 миллиард долларлик тарихий битим доирасида 210 та, шу жумладан "GE" двигателлари билан жиҳозланган "Boeing 787 Dreamliner" ва "777X" русумли Америка самолётлари етказиб берилади. Бу "Boeing" тарихидаги кенг фюзеляжли самолётлар буюртмаси ва "Boeing 787 Dreamliner" бўйича тузилган энг йирик шартномадир. Ушбу келишув, шунингдек, АҚШда ишлаб чиқариш ва етказиб бериш жабҳаларида миллиондан ортиқ, жумладан йилига 154 минг ишчи ўрнини яратишга хизмат қилади", – дейилган баёнотда.
Бундан ташқари, АҚШ ва Қатар ўртасида хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича ҳам икки томонлама битим имзолангани маълум қилинди. Ушбу келишув, шунингдек, 38 миллиард доллардан ортиқ инвестицияларни, жумладан, "Аль-Удейд" ҳарбий-ҳаво базасини биргаликда молиялаштириш, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ҳамда денгиз хавфсизлиги соҳаси бўйича келажакка мўлжалланган лойиҳаларни ўз ичига олади.
Бундан ташқари, Американинг квант ҳисоблашларга ихтисослашган "Quantinuum" компанияси ва Қатарнинг "Al Rabban Capital" етакчи компанияси ўртасида қўшма корхона ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Квант технологияларини ривожлантириш ва ҳамкорликда кадрлар тайёрлашга мўлжалланган мазкур лойиҳага жалб этиладиган инвестициялар ҳажми қарийб 1 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Таъкидланишича, "Raytheon Technologies Corporation" (RTX) корпорацияси Қатарга дронларга қарши "FS-LIDS" тизимларини етказиб бериш бўйича 1 миллиард долларлик шартнома имзолади. Бу орқали Қатар кичик учувчисиз учиш аппаратларидан ҳимоя қилиш учун ишлаб чиқарилган "FS-LIDS" тизимининг биринчи халқаро харидорига айланди. Келишув АҚШда муҳандислик ва ишлаб чиқариш соҳаларида юқори малакали ишчи ўринларини қўллаб-қувватлаши ва мамлакатнинг илғор мудофаа технологиялари соҳасидаги позициясини мустаҳкамлаши кутилмоқда.
Хабарда, шунингдек, ядровий ва авиация технологиялари соҳасидаги Американинг "General Atomics" компанияси Қатар учун АҚШда ишлаб чиқарилган "МQ-9B" кўп мақсадли учувчисиз учиш аппаратларини етказиб бериш бўйича қарийб 2 миллиард долларлик шартнома тузгани ҳам таъкидланган.
"Ушбу янги келишувлар икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга, ўн минглаб юқори маошли иш ўринларини яратишга ҳамда келгуси ўн йилликлар давомида савдо ва инвестициялар учун янги имкониятлар эшигини очишга хизмат қилади. Шунингдек, келишувлар янги инновацияларни жорий этиш ва келажак авлод фаровонлигини таъминлаш, Американинг ишлаб чиқариш ва технологик етакчилигини мустаҳкамлаш ҳамда АҚШнинг янги Олтин даври сари одимлашни қўллаб-қувватлайди", – дейилади Оқ уй матбуот хизмати хабарида.
"Reuters" агентлиги олган сурат
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Буюк Британия билан янги авиақатновлар йўлга қўйилди
Ўзбекистон фуқаролари орасида хорижда таълим олиш учун кетаётганлар сони тобора камаймоқда