Тошкент вилояти ёшларни Японияда ишга жойлаштириш имкониятларини кенгайтирмоқда

Ноябрь 13, 2026. 17:30 • 2 дақ

• 81
Тошкент вилояти ёшларни Японияда ишга жойлаштириш имкониятларини кенгайтирмоқда

ТОКИО, 13 ноябрь. /“Дунё” АА/. Японияда хизмат сафарида бўлиб турган Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги делегация ушбу давлатдаги “Proud Partners Co., Ltd.” компанияси бош директори Рюжи Сузуки билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот давомида Тошкент вилоятида Япония меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича мутахассислар тайёрлаш, ёшларни хорижда иш билан таъминлаш ҳамда бу борадаги таълим инфратузилмасини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

“Proud Partners” компанияси хорижий фуқароларни Японияга ишга жалб қилиш, уларни тил ва касбий жиҳатдан тайёрлаш, янги меҳнат муҳитига мослаштириш бўйича хизматлар кўрсатади. Компания бугунги кунга қадар 1,5 мингта корхона билан ҳамкорликда 6 минг нафар хорижий фуқаронинг Японияда ишга жойлашишига кўмаклашган.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон билан ҳамкорлик доирасида 2026 йил 16 февраль куни компаниянинг Ангрен шаҳридаги “Uzbekistan Proud Academy” ўқув маркази фаолияти йўлга қўйилган. Ҳозирда мазкур марказда 200 нафарга яқин ёш япон тили ва юк автомобилларини бошқариш йўналишлари бўйича таҳсил олмоқда.

Учрашувда мазкур лойиҳани кенгайтириш ва ҳамкорлик қамровини янги йўналишлар ҳисобига ошириш бўйича таклифлар илгари сурилди. Истиқболли йўналишлардан бири сифатида Тошкент вилоятидаги техникум ва коллежларда япон тили курсларини ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш