Трампнинг келишув бекор қилингани ҳақидаги баёнотидан сўнг АҚШ Эронга зарбалар йўллашни давом эттирмоқда
Июль 09, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 35
ВАШИНГТОН–ТЕҲРОН, 9 июль. /“Дунё” АА/. Ўтган ойда тузилган сулҳ битими бўйича Дональд Трампнинг “келишув энди кучга эга эмаслиги” ҳақидаги баёнотидан сўнг, АҚШ Эронга қарши янги зарбалар сериясини йўллади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “CNN”га таяниб.
Операция бошланганидан сўнг президент ушбу зарбалар “Эроннинг кемаларни бомбардимон қилганига” жавоб эканини айтиб, бундай ҳаракатлар такрорланса, оқибатлари “анча жиддий” бўлишидан огоҳлантирди.
Портлашлар Эроннинг жанубий ҳудудларида, жумладан, Ҳўрмуз бўғози соҳилидаги Сирик ва Бандар Аббос шаҳарларида юз берди. АҚШ зарбалари фонида Кўрфаз мамлакатлари Эроннинг жавоб чоралари ҳақида хабар берди. Манамада портлашлар эшитилган, Қувайт ракеталар ва дронларни тутиб олганини маълум қилган, Қатар эса хавфсизликка оид огоҳлантириш тарқатган.
Ислом инқилоби посбонлари корпуси Қувайт ва Баҳрайндаги Америка ҳарбий базаларига зарба берилганини тасдиқлаб, бу ҳаракатларни “битимни бузган америкаликларга нисбатан жазо чораларининг биринчи босқичи” деб атади.
Эрон парламенти раиси ва АҚШ билан музокаралардаги бош вакил Муҳаммад Боқир Ғолибоф босим ўтказиш ва ваъдаларни бузиш сиёсати эндиликда оқибатсиз қолмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, агар АҚШ зарба беришда давом этса, Эрон ҳам жавоб қайтаради, Ҳўрмуз бўғози эса фақат Эрон шартларига мувофиқ очиқ бўлади.
АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) зарбалар Эроннинг тижорий кемачиликка ҳужум қилиш салоҳиятини заифлаштиришга қаратилганини маълум қилди. Қўмондонлик маълумотларига кўра, 90 та ҳарбий объект, жумладан, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва қирғоқ бўйидаги логистика инфратузилмаси нишонга олинган.
Журналистлар билан учрашувда Дональд Трамп Эрон вакиллари АҚШ билан алоқага чиққани ва битим тузишга жуда истаги баланд эканини айтди, бироқ Теҳроннинг эҳтимолий келишувларга риоя қилишига шубҳа билдирди.
Шунингдек, у ўтган ойда тузилган сулҳ битими энди кучга эга эмаслигини ва кейинги музокараларни “бекорга вақт сарфлаш” деб билишини маълум қилди.
Бунга жавобан, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Теҳрон “қўполлик билан эмас, амалий ҳаракатлар билан жавоб бераётганини” билдирди. Ўзаро зарбалар алмашинуви 17 июнь куни АҚШ ва Эрон ўртасида англашув меморандуми имзоланганидан буён энг йириги бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси