АҚШ қатор давлат фуқаролари учун 20 минг долларгача бўлган виза гаровини жорий қилди

Август 03, 2026. 12:30 • 3 дақ

23
АҚШ қатор давлат фуқаролари учун 20 минг долларгача бўлган виза гаровини жорий қилди

ТОШКЕНТ, 3 август. /“Дунё” АА/. АҚШ Давлат департаменти B-1/ B-2 тоифасидаги сайёҳлик ва ишбилармонлик визаларини олиш учун айрим ариза берувчилардан пул гаровини талаб қилиш имкониятини кўзда тутувчи доимий виза гарови дастурини (Visa Bond Program) жорий этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

АҚШ Давлат департаменти маълумотларига кўра, янги дастур доирасида айрим мамлакатлар фуқароларидан виза бериш шарти сифатида 20 минг АҚШ долларигача гаров қўйиш талаб қилиниши мумкин. Ушбу чора хорижий фуқароларнинг Қўшма Штатларда бўлиш шартларига риоя этиши ва рухсат берилган муддат тугагач, мамлакатни ўз вақтида тарк этишини таъминлашга қаратилган.

АҚШ Давлат департаменти томонидан эълон қилинган рўйхатга кўра, дастур 50 та давлат фуқароларига нисбатан қўлланилади. Хусусан, рўйхатга Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон киритилган. Шу билан бирга, Ўзбекистон бу рўйхатда йўқ ва бугунги кунда юртимиз фуқаролари B-1/ B-2 визаларини сўраб мурожаат қилганда виза гаровини қўйиш талаби қўлланилмайди.

Дастур қўлланиладиган давлатлар қаторида Осиё, Африка, Кариб ҳавзаси ва Океаниянинг Бангладеш, Непал, Мўғулистон, Нигерия, Эфиопия, Венесуэла, Замбия ва Зимбабве каби мамлакатлари ҳам бор.

Ҳужжатда қайд этилишича, у ёки бу мамлакатни дастурга киритиш тўғрисидаги қарор бир қанча омилларни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинади. Улар жумласига хорижликларнинг АҚШда бўлиш муддатини бузиш даражаси, Америка идоралари билан ахборот алмашиш самарадорлиги, шахсни тасдиқлаш сифати ва ҳужжатлар хавфсизлигини таъминлаш учун зарур механизмларнинг мавжудлиги киради.

Америка томонининг таъкидлашича, виза гарови талаби визани бериш автоматик тарзда рад этилишини англатмайди. Агар ариза берувчи белгиланган талабларга мос келса, консуллик ходими 10, 15 ёки 20 минг АҚШ доллари миқдорида гаров қўйиш зарурлигини белгилаши мумкин. Виза шартларига риоя қилинган ва АҚШни ўз вақтида тарк этилган тақдирда, тўланган маблағлар қайтариб берилади.

Дастурнинг жорий этилиши Америка томони томонидан миграция қонунчилигига риоя этилишини таъминлаш ва хорижий фуқаролар томонидан рухсат этилган бўлиш муддатидан ошиб кетиш ҳолатларини камайтириш воситаларидан бири сифатида кўрилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 1 август куни Тошкент халқаро аэропортига бортида АҚШ миграция қонунчилигини бузгани учун депортация қилинган 18 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган чартер рейси АҚШдан учиб келди. Ватандошларимизнинг қайтарилиши Ўзбекистон ва АҚШ ваколатли идораларининг мувофиқлаштирилган ҳамкорлиги натижаси бўлиб, унинг доирасида зарур ташкилий-ҳуқуқий тартиб-таомиллар келишиб олинди.

Ўзбекистон миграция масалалари, жумладан, миграция қонунчилиги бузилишининг олдини олиш ҳамда хориждаги ватандошлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чет элдаги ҳамкорлар билан доимий равишда ҳамкорлик давом эттирилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш