Япониядаги зилзила қурбонлари сони 36 нафарга етди
Август 01, 2026. 12:00 • 2 дақ
• 156
ТОКИО, 1 август. /“Дунё” АА/. Япониянинг Кумамото префектурасида 28 июль куни содир бўлган кучли зилзила қурбонлари сони 36 нафарга етди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Kyodo News” агентлиги маълумотига кўра, яна олти нафар жабрланувчининг аҳволи оғирлигича қолмоқда. Ҳалок бўлганлар орасида Яцусиро шаҳридаги “Nippon Paper Industries” корхонасида вафот этган тўққиз нафар ҳамда Кашима шаҳридаги “Aeon” савдо марказида зилзила ортидан юз берган портлаш оқибатида ҳалок бўлган етти нафар фуқаро ҳам бор.
Қайд этилишича, Кумамото префектурасида қидирув-қутқарув ишлари деярли тўлиқ якунланган бўлиб, ҳозирда фақат Кашима шаҳридаги савдо маркази ҳудудида Хёго, Осака ва Токио префектураларидан жалб этилган қарийб 230 нафар полиция ходими иштирокида қидирув амалиёти давом эттирилмоқда.
Жума куни ҳолатига кўра, 9 мингдан ортиқ киши эвакуация марказларида қолмоқда. Табиий офатдан уч кун ўтганига қарамай, қарийб 79 минг хонадон ҳануз ичимлик сувисиз қолган, электр таъминотидаги узилишларнинг асосий қисми эса бартараф этилган.
Шу билан бирга, аномал иссиқ об-ҳаво туфайли чоршанба ва пайшанба кунлари 40 нафардан ортиқ киши иссиқ уриши белгилари билан шифохонага ётқизилган.
Энг кўп зарар кўрган ҳудудларда, жумладан, Уки шаҳрида маҳаллий ҳокимият табиий офатдан жабрланган фуқароларга солиқ имтиёзлари ҳамда вақтинчалик турар жой олиш ҳуқуқини берувчи расмий ҳужжатларни расмийлаштиришни бошлаган.
Япония Бош вазири Санаэ Такаити мамлакатга 56 давлат ва ҳудуд ҳамда еттита халқаро ташкилотдан ҳамдардлик билдирилгани ва ёрдам таклифлари келиб тушганини маълум қилган. Бош вазир табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича штаб йиғилишида масъул идораларга жабрланганларни зарур воситалар билан таъминлашни давом эттириш ҳамда эвакуация қилинган аҳоли ўртасида, айниқса автомобилларда вақтинча яшаб турган фуқаролар учун, иссиқ уриши хавфини камайтиришга қаратилган чораларни кучайтиришни топширган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси