Logo

Термиз мулоқоти доирасида форумда иштирок этган етакчи халқаро экспертлар билан учрашувлар ўтказилди

Май 22, 2025. 20:59 • 3 дақ

131
Термиз мулоқоти доирасида форумда иштирок этган етакчи халқаро экспертлар билан учрашувлар ўтказилди

ТОШКЕНТ, 23 май. /"Дунё" АА/. 21 май куни Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг биринчи йиғилиши доирасида Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов қатор хорижий илмий-тадқиқот марказларининг етакчи экспертлари билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Хусусан, Финляндиянинг Марти Ахтисаари тинчлик жамғармаси бўлим бошлиғи Эдвард Маркюс, Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар марказининг Халқаро муносабатлар институти директори Шири Шириев, Германиянинг "Бергхоф" жамғармаси бўлим бошлиғи Басир Феда, АҚШнинг Марказий Осиё ва Кавказ институти директори Сванте Корнелл ҳамда Хитой ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти бўлим бошлиғи Чжан Нин билан самарали мулоқотлар бўлиб ўтди.

Музокаралар давомида иштирокчилар Термиз мулоқоти Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашда истиқболли платформа сифатида муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида қайд этдилар.

 Эдвард Маркьюснинг сўзларига кўра, минтақавий боғлиқликни мустаҳкамлаш хавфсизлик, барқарорлик ва мустаҳкам иқтисодий ўсишни таъминлашда мисли кўрилмаган имкониятларни очади. Бу, айниқса, Марказий Осиё мамлакатлари тажрибасида яққол кўринади. Уларнинг кўп томонлама ҳамкорликда эришган ютуқлари ўз самарадорлигини кўрсатибгина қолмай, бошқа минтақалар учун ўзаро ҳамкорлик борасида намуна ҳам бўлиши мумкин.

"Бергхоф" жамғармаси эксперти Басир Феда минтақавий хавфсизликни таъминлашда Ўзбекистоннинг роли тобора ортиб бораётганини эътироф этиб, мамлакатимизнинг Афғонистон бўйича олиб бораётган ташқи сиёсатига алоҳида эътибор қаратди.

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон Афғонистон келажаги бўйича стратегик қарашларни ишлаб чиқди. Бугунги кунда Ўзбекистон минтақада тинчлик ташаббусларини амалга ошириш ва уни иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш бўйича ўзига хос "локомотив" вазифасини ўтамоқда. Экспертнинг сўзларига кўра, Афғонистоннинг минтақадаги интеграция жараёнларига изчил жалб этилиши ниҳоятда муҳим қадамлардан бири бўлди.

Сванте Корнеллнинг фикрича, бугун Афғонистоннинг минтақавий ролини қайта кўриб чиқиш ва уни халқаро ҳамжамиятга тўлиқ интеграция қилиш йўлларини топиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Шу нуқтаи назардан, Термиз мулоқоти Ўзбекистоннинг дипломатик етакчилигининг ёрқин мисолидир.

– Барча ривожланган давлатлар билан мустаҳкам ва мувофиқлашган муносабатларни ўрнатган Ўзбекистон Афғонистон ҳукумати билан конструктив ва амалий ҳамкорлик қилишга ёрдам берадиган ўзига хос нуфузга эга, – деди америкалик эксперт.

Унинг фикрича, Термиз мулоқоти ўзаро ҳурмат ва умумий минтақавий манфаатларга асосланган шерикликка намуна бўла олади.

Хитой ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти экспертларининг фикрича, Термиз мулоқоти минтақавий барқарорликни таъминлаш ва иқтисодий интеграцияни ривожлантиришга хизмат қилиб, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди. Шунингдек, Термиз мулоқоти инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ва транспорт йўлакларини шакллантириш учун қулай шароитлар яратади, бу эса Хитойнинг "Бир макон, бир йўл" ташаббусига мос келади.

Эслатиб ўтамиз, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг биринчи йиғилиши Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Ташқи ишлар вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилган. Форум Марказий ва Жанубий Осиё, Европа, МДҲ, Осиё-Тинч океани минтақаси, Америка, Яқин Шарқ мамлакатларидан 200 нафарга яқин иштирокчиларни бир жойга жамлади. Улар орасида сиёсий ва ишбилармон доира вакиллари, молиявий институтлар, халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг мутахассислари, жаҳон таҳлилий ва илмий-тадқиқот марказларининг етакчи экспертлари бор.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш