Ўзбекистон “GPDNet” глобал жамоатчилик дипломатияси тармоғига бир овоздан қабул қилинди

Ноябрь 09, 2026. 08:10 • 2 дақ

• 232
Ўзбекистон “GPDNet” глобал жамоатчилик дипломатияси тармоғига бир овоздан қабул қилинди
Ўзбекистон “GPDNet” глобал жамоатчилик дипломатияси тармоғига бир овоздан қабул қилинди
Ўзбекистон “GPDNet” глобал жамоатчилик дипломатияси тармоғига бир овоздан қабул қилинди

ДОҲА, 9 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Глобал жамоатчилик дипломатияси тармоғига (GPDNet) Доҳа шаҳрида бўлиб ўтган ташкилотнинг 11-Бош ассамблеяси якунларига кўра, тўлақонли аъзо бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

2014 йилда асос солинган мазкур халқаро нотижорат ташкилоти 29 та давлатни бирлаштириб, жамоатчилик ва маданий дипломатия соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашади.

Ассамблея ишида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Ташқи сиёсий тадқиқотлар ва халқаро ташаббуслар маркази директорининг ўринбосари Валижон Хошимов иштирок этди.

Ўзбекистоннинг “GPDNet”га тўлақонли аъзо сифатида қабул қилиниш масаласи Ўзбекистоннинг Қатардаги элчихонаси ва Марказнинг саъй-ҳаракатлари туфайли Ассамблея кун тартибига киритилди. Овоз бериш якунларига кўра, барча иштирокчи давлатлар вакиллари республикамизнинг ташкилотга қўшилишини қўллаб-қувватладилар.

Шунингдек ўқинг

Тадбир давомида ўзбек томони мамлакатимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари, жамоатчилик дипломатияси соҳасидаги асосий вазифалар, шунингдек, Марказнинг лойиҳалари ва халқаро ташаббусларини тақдим этди.

Мазкур тақдимот Ассамблея иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Давлатлар вакиллари Марказ ва “GPDNet”га аъзо мамлакатларнинг тегишли муассасалари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш, шунингдек, қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.

Тармоққа тўлақонли аъзо бўлиш Ўзбекистонга халқаро жамоатчилик дипломатиясидаги иштирокини кенгайтириш, миллий ташаббусларни жаҳон майдонида илгари суриш ва Марказнинг хорижий шериклар билан институционал алоқаларини янада мустаҳкамлаш имконини беради.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш