Logo

Ўзбекистон Европа Миллий метрология институтлари уюшмасига ҳамкор давлат сифатида аъзо бўлди

Август 23, 2025. 12:20 • 2 дақ

116
Ўзбекистон Европа Миллий метрология институтлари уюшмасига ҳамкор давлат сифатида аъзо бўлди

ТОШКЕНТ, 23 август. /"Дунё" АА/. Германия пойтахти Берлин шаҳрида бўлиб ўтган Европа Миллий метрология институтлари уюшмаси (EURAMET)нинг 19-Бош Ассамблеясида Ўзбекистон миллий метрология институтининг мазкур ташкилот фаолиятида Марказий Осиёдаги ягона "Liaison Organisation" (ҳамкор ташкилот) — ассоциациялашган аъзо сифатида расмий иштирокини назарда тутувчи резолюция бир овоздан қабул қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

EURAMETга аъзо давлатларнинг барча вакиллари Ўзбекистоннинг метрология соҳасидаги халқаро фаоллигини, минтақадаги етакчи ўрнини ҳамда ўлчаш соҳасидаги илмий-техник салоҳиятини алоҳида эътироф этдилар. Мазкур қарор мамлакатимиз учун стратегик аҳамиятга эга бўлиб, Ўзбекистон миллий метрология институтига EURAMETнинг расмий фаолияти, лойиҳалари ва йиғилишларида тўлақонли иштирок этиш имкониятини яратади.


Ўзбекистоннинг EURAMETдаги иштирокининг асосий йўналишлари:


-Халқаро нуфуз ва ишонч: Марказий Осиёдаги ягона ҳамкор ташкилот сифатида Ўзбекистоннинг метрология соҳасидаги етакчилиги халқаро миқёсда расман тасдиқланди.


-Европа метрология тизимига тўғридан-тўғри кириш: Миллий институт EURAMET доирасидаги етук илмий лойиҳалар ва тадбирларда фаол иштирок этади.


-Эталонларни солиштириш: Ўзбекистондаги миллий эталонлар Европа мамлакатларининг эталонлари билан расман таққосланади, бу эса SI халқаро ўлчов тизимига тўлиқ кузатувчанликни таъминлайди.


-Илмий-техник ҳамкорлик: EMPIR (European Partnership on Metrology) доирасида қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларда иштирок этиш имконияти яратилади.


-Кадрлар салоҳиятини ошириш: институт мутахассислари Европа мамлакатларидаги ўқув курслари, стажировкалар ва малака ошириш дастурларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.


-Саноатни қўллаб-қувватлаш: Аниқ ўлчовлар орқали маҳаллий ишлаб чиқариш сифатини ошириш ва экспорт маҳсулотларининг халқаро бозорлардаги рақобатбардошлигини кучайтиришга хизмат қилади.


Бугунги кунда Ўзбекистон миллий метрология институти EURAMET доирасида фотометрия ва радиометрия йўналишидаги бир қатор солиштириш лойиҳаларда фаол иштирок этмоқда.


Ўзбекистоннинг EURAMET фаолиятидаги ушбу янги мақоми мамлакатимизда метрология соҳасидаги глобал интеграция жараёнларининг жадал ривожланаётганидан далолат беради ҳамда миллий илмий-техник салоҳиятнинг халқаро майдонда янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.


EURAMET — Европа миллий метрология институтларини бирлаштирувчи минтақавий ташкилот бўлиб, 2007 йилдан буён Германияда ассоциация шаклида фаолият юритади. У 38 та Европа Иттифоқи ва Европа эркин савдо уюшмасига аъзо мамлакатларнинг миллий метрология институтлари ҳамда 76 та ваколатли илмий марказ ва ташкилотларни ўз ичига олади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш