Logo

Қатарда Ўзбекистон маданий мероси, ҳунармандчилиги ва сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тарғибот тадбири ўтказилди

Март 30, 2024. 14:47 • 2 дақ

146
Қатарда Ўзбекистон маданий мероси, ҳунармандчилиги ва сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тарғибот тадбири ўтказилди

ДОХА, 30 март. /"Дунё" АА/. Қатар пойтахтидаги Мушайриб сити М7 санъат марказида Ўзбекистон маданий мероси, ҳунармандчилиги ва сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон элчихонаси томонидан ўтказилган тадбирда Қатар вазирлик ва идоралари, ишбилармон доиралар вакиллари, Доха аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ва ОАВ ходимлари қатнашди.


Меҳмонлар М7 санъат марказида жорий йилнинг 24 февраль кунидан бери намойиш этиб келинаётган "Ўзбекистон ҳунармандчилиги: толалардаги анъана" кўргазма лойиҳасини томоша қилишди.


Мазкур кўргазма Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкил қилинган ва у жорий йил 24 февраль куни старт берилган Design Doha биенналеси доирасида очилган эди.


Ўзбекистон музейлари сара тўпламларига мансуб 49 та ноёб ҳунармандчилик маҳсулотлари, қўл меҳнати билан тўқилган гиламлар, ранг бериш андозалари, айниқса, ливанлик дизайнер Нада Дебс ва ўзбекистонлик машҳур уста Сирожиддин Раҳматуллаевнинг муштарак ижоди бўлмиш анъанавий айвон супасининг замонавий шакли иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.


Қатарнинг етакчи компанияларидан бири "Power International Holding" ижрочи директори ўринбосари Морис Гаттас Ўзбекистоннинг бетакрор маданий мероси билан яқиндан таниш эканлигини таъкидлади.


"Ўзбекистонга кўп марта борганман. Тошкент, Самарқанд, Бухоро шаҳарларида Ўзбекистоннинг гўзал ва мафтункор қадамжолари, улкан тарихий бойликларидан жуда таъсирланганман. Ўзбекистонни яхши кўраман ва у ерда бизнес қилишдан бахтиёрман. Ўзбек халқи жуда ҳам меҳмондўст, очиқ кўнгил, бирдам, биз у ерда ўзимизни уйдагидек ҳис қиламиз", - деди у.


Тадбир иштирокчиларидан яна бири "Fitco Detergent Factory" компанияси асосчиси ва раиси доктор Холид Ал-Буайнайн ташкил қилинган кўргазма унда  катта таассурот қолдиргани таъкидлади.


"Ўзбекистон кўргазмасидан жуда таъсирландик. Ўзбекистоннинг узоқ тарихини эслатувчи табиий ипак матолар, миллий андозада ўйилган нақшлар, қўл меҳнати билан тўқилган гиламлар, анъанавий уй жиҳозлари, лавҳлар ва супалар биз арабларга ғоят қизиқарли. Буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг бой мероси, ўзбек меъморчилиги ва қўл меҳнатининг ноёб маҳорати, давлатингизнинг инсоният маданияти, санъати ва умуман инсон цивилизациясига қўшган ҳиссаси катта эканидан далолат беради", деди Холид Ал-Буайнайн.


Йиғилганлар эътиборига, шунингдек, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти, маданий хилма-хиллиги, тарихий шаҳарлари ва ноёб мероси, миллий либослари ва таомлари ҳақида видеофильмлар тақдим этилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш