Чеченистонда ўзбекистон фуқаролари учун сайёр қабул ташкил этилди
Май 23, 2026. 10:56 • 2 дақ
• 54ГРОЗНИЙ, 23 май. /“Дунё” АА/. Юртимизнинг Ростов-Дон шаҳридаги Бош консулхонаси дипломатлари Чеченистон Республикасига амалга оширган хизмат сафари давомида ватандошларимиз иштирокида қатор учрашув ва консуллик сайёр қабулларини ташкил этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Дипломатлар дастлаб Грозний шаҳридаги Хорижий фуқароларни вақтинчалик сақлаш марказида бўлиб, у ерда сақланаётган ҳамда ушбу ҳудудда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари билан учрашди.
Мулоқот чоғида юртдошларимизни қизиқтираётган саволлар ва муаммоли масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, уларга зарур консуллик-ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳамда хориждаги фуқароларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган давлат сиёсатининг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди.
Ташриф давомида консулхона вакиллари Чеченистон Ички ишлар вазирлиги Миграция масалалари бўйича бошқармаси ҳамда Хорижий фуқароларни вақтинчалик сақлаш маркази раҳбарияти билан расмий музокаралар ўтказди.
Суҳбат жараёнида консуллик-ҳуқуқий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари, хусусан, Ўзбекистон фуқароларининг қонуний манфаатларини таъминлаш, икки томонлама тезкор ахборот алмашинуви механизмларини такомиллаштириш масалалари муҳокама марказида бўлди.
Музокараларда асосий эътибор маҳаллий қонунчиликни бузгани учун қийин вазиятга тушиб қолган фуқароларни ватанга қайтариш жараёнини жадаллаштиришга қаратилди. Эришилган келишувлар натижасида, ҳужжатлаштириш ва ташкилий ишларни қисқа муддатларда якунлаб, яқин кунларда 31 нафар ҳамюртимизни ватанга қайтариш бўйича қатъий келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси






