Logo

Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида Самарқанд вилоятининг савдо-иқтисодий, инвестициявий ва туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди

Январ 18, 2025. 08:38 • 3 дақ

150
Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида Самарқанд вилоятининг савдо-иқтисодий, инвестициявий ва туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди

ТЯНЬЦЗИНЬ, 18 январь. /"Дунё" АА/. Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев бошчилигидаги делегациясининг Хитойга амалий сафари доирасида мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Тяньцзинь шаҳрида вилоятнинг савдо-иқтисодий, инвестициявий ва туризм салоҳиятига бағишланган форум ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Хитойнинг 500 дан зиёд вазирлик ва идоралари, савдо-саноат уюшмалари, йирик ишлаб чиқариш ва сайёҳлик компаниялари раҳбарлари, ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.

Йиғилганлар Самарқанд вилоятида турли соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар жараёни билан танишдилар. Вилоятнинг савдо-иқтисодий жиҳатдан жозибадорлиги, хорижий сармоядорлар учун яратилаётган қулай шарт-шароит ва афзалликлар ҳамда сайёҳлик салоҳияти юзасидан батафсил тақдимот ўтказилди.

Хитой компаниялари Самарқанд вилоятида ташкил этилган эркин иқтисодий ва саноат зоналарида яратилган имкониятлардан фойдаланишга ҳамда ҳамкорликда янги инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишга чақирилди.

Тадбир давомида Самарқанд вилоятининг савдо-иқтисодий, сармоявий ва туризм салоҳиятини намойиш этувчи видеороликлар намойиш этилди.

Хитой ишбилармонлари ўзларини қизиқтирган саволларга вилоят масъулларидан батафсил жавоб олдилар. Тадбирнинг иккинчи қисмида Ўзбекистон ва Хитой бизнес вакиллари ўртасида "B2B2 ва "G2B2 шаклида музокаралар ўтказилди. Улрада турли соҳалардаги ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди. Ўзаро манфаатли бўлган қатор ҳужжатлар имзоланди.

Самарқанд вилояти делегацияси сафар давомида Хитойнинг бир қатор провинция ва шаҳарларида иқтисодий тадбирлар, тақдимотлар ва учрашувлар ўтказишни режалаштирган.

Лин Чин, Тяньцзинь Ташқи савдо федерацияси президенти:

– Бугун Тяньцзинь ва Самарқанд ўртасида маданият, туризм ва савдони ривожлантириш тадбирини юқори даражада ўтказдик. Тадбирга 500 дан зиёд иштирокчиларнинг келгани хитойликларнинг мамлакатингиз билан алоқаларни янада ривожлантиришга бўлган қизиқишини кўрсатади.

Тадбир муваффақиятли ўтди ва бугунги форум орқали барча йиғилганлар Ўзбекистон ҳақида, хусусан, Самарқанддаги бизнес имкониятлар борасида батафсил маълумотга эга бўлишди. Қадимий ва навқирон Самарқанд шаҳрининг тарихий обидалари, маданий ёдгорликлари ва туризм салоҳияти кенг намойиш қилинди.

Уюшмамиз аъзолари бўлган компаниялар Ўзбекистондаги кўплаб лойиҳаларга инвестиция киритмоқда. Келгусида мамлакатларимиз ўртасидаги бизнес ва маданий алмашинувлар янада кучайиб боришига ишонаман.

Чжан Сюань, Хитойнинг "Vision Energy Limited" компанияси менеджери:

– Биз Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида Самарқанднинг савдо ва инвестициявий имкониятларига бағишлаб ўтказилган форумда иштирок этганимиздан мамнунмиз. Ушбу тадбир жуда муваффақиятли ташкил этилди. Биз Самарқанд вилоятининг савдо-иқтисодий ва сармоявий имкониятлари ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлдик.

Компаниямиз шамол энергияси ишлаб чиқариш саноатида етакчи корхоналардан бири ҳисобланади. Умид қиламанки, келгусида Самарқанд вилоятига инвестиция киритиш ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш имконига эга бўламиз.

Сюй Жунлэ, "Evroexport" компанияси вакили:

– Бугунги форум Хитой ва Ўзбекистон ишбилармонлари учун янги ҳамкорларни топиш, Самарқанднинг савдо, инвестициявий ва туризм имкониятлари ҳақида муҳим маълумотларни олиш учун жуда яхши имконият бўлди.

Мамлакатларимиз ҳудудлари ўртасидаги дўстона алоқаларнинг йилдан йилга мустаҳкамланиб бораётгани қувонарлидир.

Ўзбекистон барқарор иқтисодиётга эга ҳамда инвестиция, бизнес ва туризм учун жуда қулай мамлакат. Тадбирда иштирок этган Хитой компаниялари вакиллари билан суҳбатда Ўзбекистонга инвестиция киритишга бўлган юқори қизиқишнинг гувоҳи бўлдим. Самарқанднинг туризм имкониятлари бениҳоя катта ва бундан, албатта, унумли фойдаланиш керак.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш