Logo

Шимоли-ғарбий Покистондаги теракт оқибатида 14 киши ҳалок бўлди

Июнь 30, 2025. 20:15 • 50 сония

28
Шимоли-ғарбий Покистондаги теракт оқибатида 14 киши ҳалок бўлди

ИСЛОМОБОД, 30 июнь. /"Дунё" АА/. Шимоли-ғарбий Покистонда худкуш-террорчи машинани портлатиб юбориши оқибатида 14 нафарга яқин аскар ҳалок бўлди ва яна 25 киши жароҳат олди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

ОАВ маълумотларига кўра, Шимолий Вазиристонда худкуш-террорчи портловчи моддалар билан тўлдирилган автомобилни ҳарбий конвойга бориб уриши натижасида 14 нафар аскар ҳалок бўлди. Яна 15 нафар аскар ҳамда 10 нафар тинч аҳоли вакили, жумладан 6 нафар бола жароҳатланган.

Дастлабки тергов натижаларига кўра, ҳужумда 800 килограмм портловчи модда ишлатилган. Бу эса ҳудуддаги уйларга жиддий зарар етказган. Портлаш учун жавобгарликни "Ҳафиз Гул Баҳодур" террорчилик гуруҳи ўз зиммасига олди. Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ҳужумни "қўрқоқона ҳаракат" деб атади ва "бегуноҳ тинч аҳоли жабр кўрганини" қўшимча қилди.

"Шимоли-ғарбий Покистоннинг Хайбер-Пахтунхва провинциясида бир нечта тақиқланган жангари гуруҳлар борлиги айтилади. Улар тез-тез хавфсизлик ходимларига ҳужум қилади. Покистон Афғонистонни уларга бошпана беришда айблайди, аммо Кобул буни рад этади", – деб ёзади "The Associated Press" агентлиги.

"AFP" агентлиги олган сурат

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш