Ўзбекистонда “Статистикани ривожлантириш – 2030” миллий стратегияси тасдиқланди
Сентябрь 22, 2026. 20:10 • 2 дақ
• 143ТОШКЕНТ, 23 сентябрь. /“Дунё” АА/. Бугун пойтахтимизда Миллий статистика қўмитаси томонидан “Статистикани ривожлантириш – 2030” миллий стратегиясининг мақсад ва вазифаларига бағишланган конференция ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Конференцияда давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва соҳа экспертлари иштирок этди.
Тадбирда Стратегияни амалга ошириш механизмлари, миллий статистика тизимини модернизация қилиш, маълумотларни бошқаришни такомиллаштириш ва манфаатдор томонларнинг кейинги вазифалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 10 сентябрдаги фармони билан тасдиқланган “Статистикани ривожлантириш – 2030” миллий стратегияси 2026–2030 йилларда миллий статистика тизимини комплекс ривожлантириш, расмий статистика маълумотларининг сифати ва ишончлилигини оширишга қаратилган.
Стратегияда миллий статистика тизимини ривожлантириш бўйича 11 та стратегик мақсад белгиланган. Улар институционал салоҳиятни ошириш, халқаро стандартларга мослашиш, маъмурий ва муқобил маълумотлардан самарали фойдаланиш, замонавий статистик усуллар ва рақамли технологияларни жорий этиш, фойдаланувчиларга қулай статистик маҳсулотлар яратиш ҳамда кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашни қамраб олади.
Маълумотлар сифатини ошириш Стратегиянинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда статистик ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилиш, услубиятларни халқаро талабларга мослаштириш ва метамаълумотларни такомиллаштириш кўзда тутилган.
Статистик маълумотларни шакллантиришда маъмурий, муқобил, геофазовий маълумотлар, катта маълумотлар ва замонавий рақамли технологиялардан кенг фойдаланилади. 2030 йилга қадар статистик ҳисобот шаклларини 47 тадан 38 тага қисқартириш, расмий статистикада мунтазам фойдаланиладиган маъмурий маълумотлар манбаларини 60 тадан 100 тага етказиш режалаштирилган.
Фойдаланувчилар учун статистик маълумотларни очиқ, тушунарли ва қулай шаклда тақдим этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. 2030 йилга қадар расмий статистикадан фойдаланувчиларнинг қониқиш ва ишонч даражасини камида 80 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Стратегиянинг муҳим мақсадли натижаларидан бири – 2030 йилга қадар Ўзбекистонни Жаҳон банкининг Статистика самарадорлиги индекси бўйича энг юқори натижага эга 50 та давлат қаторига киритишдир.
Стратегия уч босқичда амалга оширилади: 2026 йилда институционал-ҳуқуқий асослар яратилади, 2027–2028 йилларда замонавий статистик усул ва технологиялар кенг жорий этилади, 2029–2030 йилларда эса эришилган натижалар мустаҳкамланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


