Хитойдаги 7,0 магнитудали зилзила 16 кишининг ҳаётига зомин бўлди

Октябрь 23, 2026. 11:30 • 2 дақ

• 92
Хитойдаги 7,0 магнитудали зилзила 16 кишининг ҳаётига зомин бўлди

ПЕКИН, 23 октябрь. /“Дунё” АА/. Хитойнинг жануби-ғарбидаги Ситсзан мухтор туманида юз берган 7,0 магнитудали зилзила оқибатида 16 киши ҳалок бўлди, яна 54 киши жароҳат олди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Синхуа” ахборот агентлигига таяниб.

Ерости силкинишлари кеча Пекин вақти билан соат 22:33да (Тошкент вақти билан 19:33да) Нагчу шаҳар округининг Бачен уездида содир бўлган. Жума куни соат 07:00 ҳолатига кўра, жабрланганлардан 11 нафарининг аҳволи оғир, қолган 43 нафари эса енгил тан жароҳати олган.

Табиий офат оқибатида 339 та турар жой биноси қулаб тушган ёки шикастланган. 12 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинди, айни пайтда қидирув-қутқарув ҳамда етказилган зарарни баҳолаш ишлари давом этмоқда.

Шунингдек ўқинг

Хитой ҳукумати фавқулодда вазиятга муносабат билдириш даражасини оширди, ҳудудий хизматлар эса фавқулодда вазият режимини ишга туширди. Офат ҳудудига инсонпарварлик ёрдами юборилди.

Ноқулай об-ҳаво шароити вазиятни янада мураккаблаштирмоқда: зилзила ўчоғи денгиз сатҳидан 4800 метрдан зиёд баландликда жойлашган. Прогнозларга кўра, яқин уч кун ичида талафот кўрган ҳудудларда ҳаво ҳарорати −9 даражадан пастга тушади, зилзила ўчоғи яқинида вақти-вақти билан қор ёғиши кутилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш