Саидмукаррам Абдулқодирзода: Дунё бугун биродарлик ва ўзаро ҳамкорликка ҳар қачонгидан-да муҳтож
Июль 07, 2026. 18:30 • 3 дақ
• 66
ТОШКЕНТ, 7 июль. /“Дунё” АА/. Тожикистон Уламолар кенгаши раиси Саидмукаррам Абдулқодирзода Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида иш бошлаган “Тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” номли I Халқаро ислом цивилизацияси форуми доирасида “Дунё” АА мухбирига интервью берди:
– Бу анжуман инсоният, айниқса, мусулмон олами биродарлик, дўстлик, ўзаро ҳамкорлик ва бирдамликни мустаҳкамлашга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эҳтиёж сезаётган бир пайтда ўтказилмоқда. Турли мамлакатлардан ташриф буюрган муфтийлар, атоқли ислом уламолари, илоҳиётшунослар ва мутафаккирларни бир жойга жамлаган бундай учрашувлар нафақат мусулмон уммати, балки бутун жаҳон ҳамжамияти учун ҳам улкан аҳамият касб этади.
Айнан ислом уламолари диндорлар орасида юксак обрў-эътиборга эгадир. Уларнинг муштарак саъй-ҳаракатлари, ўзаро фикр алмашинуви ва ҳамжиҳатлиги халқлар, давлатлар ва турли маданиятлар ўртасидаги ишонч, ўзаро ҳурмат ва ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ана шундай ташаббуслар туфайли тинчлик, тотувлик ва ўзаро ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдевори шаклланади.
Бугунги кунда инсоният бу қадриятларга ҳар қачонгидан кўра кўпроқ муҳтож. Шу боис, ушбу анжуман одамлар ўртасидаги дўстлик, биродарлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамдир. Ташкилотчилар ва иштирокчиларга самимий муваффақиятлар ва сермаҳсул фаолият тилайман.
Қувонарлиси, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев тинчлик, ўзаро ҳамкорлик ва динлараро тотувликни мустаҳкамлашга йўналтирилган эзгу, узоқни кўзлаган ва ҳақиқатан ҳам муҳим ташаббуслар билан чиқмоқда. Ҳар бир давлат етакчиси айнан шундай масъулиятни ўз зиммасига олиши лозим. Бироқ, афсуски, бундай ташаббусни ҳамма ҳам кўрсатавермайди.
Ўзбекистон етакчисининг фаолияти нафақат ўз мамлакати, балки бутун минтақа учун ҳам катта аҳамиятга эга. Бугунги кунда Марказий Осиё барқарорлик, хавфсизлик, тинчлик, фаровонлик ва ўзаро ҳурмат муҳитига ҳар қачонгидан кўра кўпроқ эҳтиёж сезмоқда. Шу боис унинг ташаббуслари юксак баҳо ва эътирофга сазовордир.
Шу билан бирга, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ҳам халқаро минбарлардан туриб, ислом динининг экстремизм, терроризм ва зўравонликка мутлақо алоқаси йўқлигини бир неча бор таъкидлаган. Террорчилар ва экстремистлар на бирор динни, на бирор миллатни ҳимоя қилади ва улар ўз жиноятларини оқлаш учун эътиқод ниқоби остига яширина олмайди.
Ишончим комилки, бу каби позиция тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга қўшилган энг муҳим ҳиссадир. Барча давлат раҳбарлари худди шундай масъулиятни намоён этиши, динлараро мулоқотни ривожлантириш, ўзаро ҳурмат ва халқларнинг тинч-тотув яшашига қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаши зарур.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси