Хитойнинг бир қанча ҳудудида табиий офатлар оқибатида одамлар ҳалок бўлди, кенг кўламли сув тошқинлари юз берди
Июль 07, 2026. 18:00 • 3 дақ
• 103
ПЕКИН, 7 июль. /“Дунё” АА/. Хитойнинг бир неча минтақасида ҳалокатли об-ҳаво оқибатлари билан кураш ишлари давом этмоқда: Хубейда момақалдироқ саккиз кишининг умрига зомин бўлган бўлса, Гансуда кўчки туфайли камида 16 киши вайроналар остида қолмоқда, Гуанси ва Гуандунда эса сув тошқинлари сабабли энг юқори хавф даражаси эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
ХХРнинг “Синьхуа” расмий ахборот агентлиги хабарига кўра, 6 июль куни кечқурун кучли момақалдироқ ва довул Хуанши, Хуанган, Эчжоу ва Сяньнин шаҳарларини қамраб олган. Айрим ҳудудларда шамол тезлиги 149 км/соатга етган, баъзи аҳоли пунктларида торнадолар қайд этилган.
Энг жиддий талафот Хуанган шаҳрининг Хуанчжоу туманидаги учта даҳага етган. Офат оқибатида саккиз киши ҳалок бўлган, яна бир киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. 7 июль эрталабки ҳолатга кўра, жабрланганлар сони 275 нафарга етган, яна 408 нафар аҳоли хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинган. Қутқарув ишлари давом этмоқда.
Шу билан бирга, Ғарбий Гансу провинциясининг тоғли ҳудудида юз берган кўчки жойида қидирув-қутқарув операцияси давом этмоқда. Таъкидланишича, дастлаб вайроналар остида 33 киши қолиб кетган. Қутқарувчилар 17 кишини олиб чиқишга муваффақ бўлган, бироқ камида 16 киши ҳамон вайроналар остида қолмоқда. ХХР Раиси Си Цзиньпин одамларни қутқариш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш учун барча зарур кучларни жалб этишни топширди.
Мамлакат жанубида ҳам мураккаб гидрологик вазият сақланиб қолмоқда. Бугун Гуанси-Чжуан автоном райони ҳукумати сув тошқини хавфи ҳақидаги огоҳлантириш даражасини миллий хабардор қилиш тизимидаги энг юқори – “қизил” даражага кўтарди. Кейинроқ худди шундай хавф даражаси қўшни Гуандун провинциясида ҳам эълон қилинди.
Синоптиклар ноқулай об-ҳаво шароити сақланиб қолишидан огоҳлантирмоқда. Келгуси суткада Гуанси, Шарқий Цзянсу ва Шандун провинцияларида 260 мм.гача ёғин билан кучли жала ёғиши кутилмоқда. Бу янги сув тошқинлари ва кўчкиларни келтириб чиқариши мумкин. Мамлакатнинг шимоли-шарқий ва жанубий ҳудудларида ҳам торнадо хавфи сақланиб қолади.
Бундан ташқари, Хитой Тинч океани орқали Тайван томон ҳаракатланаётган “Бави” супертайфунининг яқинлашишига тайёргарлик кўрмоқда. АҚШ Миллий метеорология хизмати маълумотларига кўра, тайфун ҳудудида шамол тезлиги 290 км/соатга етади. Аввалроқ ушбу офат Гуам, Тиниан, Сайпан ва Рота оролларига ҳам зарар етказган эди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси