Шанхай шаҳрида Навоий вилоятининг савдо-иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятига бағишланган бизнес-форум бўлиб ўтди
Май 28, 2025. 14:23 • 56 сония
• 102
ШАНХАЙ, 29 май. /"Дунё" АА/. Шанхай импорт ва экспорт палатаси билан ҳамкорликда Хитой ҳудудлари ва Навоий вилояти ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган бизнес-форум ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон томонидан Навоий вилояти ҳокими ўринбосари Элбек Ғаффоров бошчилигидаги делегация, шунингдек, Хитойнинг 50 дан ортиқ йирик компания вакиллари қатнашди.
Форум иштирокчиларига Навоий вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти ҳақида сўзлаб берилди.
Хитойлик инвесторлар Навоий вилоятида бизнес юритиш шартлари, яратилган имкониятлар, солиқ ва божхона имтиёзлари, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари ва аниқ инвестиция лойиҳаларига оид саволларга батафсил жавоб олдилар.
Тадбир доирасида Хитой компаниялари вакиллари билан Навоий вилояти ҳудудида "ақлли шаҳар" инфратузилмаси, "яшил" энергетика, мебель ва автомобиль эҳтиёт қисмлари, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Якунда ушбу соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун музокараларни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
Сафар давомида Навоий вилояти делегацияси вакиллари Хитойнинг йирик компаниялари фаолияти билан бевосита танишдилар. Шунингдек, корхоналар раҳбарияти билан Навоий вилоятида биргаликда ишлаб чиқариш қувватларини йўлга қўйиш тўғрисида фикр алмашдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси