Logo

Ўзбекистон делегацияси Чехияда меҳнат миграцияси ва бизнес соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича музокаралар ўтказди

Декабрь 12, 2024. 20:53 • 2 дақ

1060
Ўзбекистон делегацияси Чехияда меҳнат миграцияси ва бизнес соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича музокаралар ўтказди

ТОШКЕНТ, 12 декабрь. /"Дунё" АА/. Меҳнат миграциясининг янги йўналишларини ўрганиш ва кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш мақсадида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев бошчилигидаги делегация Чехияга ташриф буюрди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

ТИВ маълумотига кўра, мамлакатимиз делегацияси Савдо-саноат палатаси, Миграция агентлиги вакиллари ва тадбиркорлардан ташкил топган.

Чехия Саноат ва савдо вазирлигида Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан Чехия Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича ташкил этилган чехиялик тадбиркорлар иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди. Мулоқот чоғида ушбу форумнинг икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги аҳамияти алоҳида таъкидланди. Ўзбекистоннинг Чехия бизнеси учун ишончли бозорга айланишга тайёрлиги алоҳида қайд этилиб, меҳнат миграцияси соҳасидаги ўзаро ҳамкорликка ҳам эътибор қаратилди.

Чехиянинг "Synergie" ва "AMBOSELI" рекрутинг компаниялари билан музокаралар олиб борилди, натижада ўзбекистонлик кадрларни, жумладан, автобус ҳайдовчилари, оғир юк кўтарувчи автомашиналар, тепловоз машинистлари, IТ технологиялари ва логистика соҳасидаги мутахассисларни Чехияда ўқитиш ва ишга жойлаштириш бўйича келишувга эришилди.

Шунингдек ўқинг

Шарқий Европа ва Марказий Осиё учун миграция сиёсатини ривожлантириш халқаро марказининг минтақавий координатори Радим Зак билан учрашувда миграция соҳасидаги ҳамкорлик, жумладан, меҳнат мигрантлари учун шароитларни яхшилаш ва уларнинг ташқи меҳнат бозорларига мослашуви масалалари муҳокама қилинди.

Европа амалий фанлар ва менежмент институти (EIASM) раҳбарияти билан учрашув ташкил этилиб, унда Ўзбекистонда IТ, молия, менежмент ва халқаро бизнес йўналишлари бўйича касбий малака ошириш курсларини очиш таклифи олинди.

Ватандошлар билан мулоқот доирасида Прагадаги ўзбек диаспораси раҳбари Динара Захрудинова билан учрашув бўлиб ўтди. Чехиядаги ўзбеклар жамиятини қўллаб-қувватлаш, маданий-ижтимоий ташаббусларни ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистон фуқароларини Чехияда ишга жойлаштиришга кўмаклашиш масалалари муҳокама қилинди.

Ташриф Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлади, ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари манфаатларини илгари суриш, бизнес ва миграция соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш

Барчаси