Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси ўз миссиясини якунламоқда
Октябрь 23, 2023. 09:44 • 3 дақ
• 1104
РИМ, 23 октябрь. /«Дунё» АА/. Дипломатик миссияси якунланиши муносабати билан Ўзбекистон элчиси Отабек Акбаров Рим шаҳрида Италия ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазирининг ўринбосари Эдмондо Чириелли билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Эдмондо Чириелли дипломатик миссия раҳбарининг беш йиллик фаолиятини ижобий баҳолади ва Италия ТИВ номидан икки томонлама муносабатларни янги босқичга кўтариш, уларга кўп қиррали ва барқарор тус бериш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 8-9 июнь кунлари Италияга расмий ташрифи чоғида икки давлат ўртасида Стратегик шериклик муносабатларини йўлга қўйиш тўғрисида қўшма декларация қабул қилинганининг аҳамияти таъкидланди.
Шу тариқа Италия Ғарбий Европа давлатларидан биринчи бўлиб Ўзбекистон билан бундай юксак даражадаги алоқаларни ўрнатди. Декларацияга кўра, ташқи ишлар вазирлари даражасида икки томонлама муносабатларнинг сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар йўналишларининг бутун мажмуасини, шунингдек, томонларни қизиқтирган халқаро масалаларни қамраб олувчи Стратегик мулоқот механизми шакллантирилади.
Ўтган йиллар давомида ташқи ишлар вазирликлари ва бошқа қатор идоралар даражасида сиёсий ҳамда институционал мулоқотлар учун мустаҳкам асос яратилди. Икки давлат парламентларида дўстлик гуруҳлари фаолият кўрсатмоқда, Ўзбекистоннинг 2 та фахрий консуллиги ташкил Флоренция ва Миланда ташкил этилган, Италиянинг бошқа минтақаларида ҳам фахрий консулликларни очиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, турли соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган 10 дан ортиқ янги ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш, саноат мулки, қишлоқ хўжалиги, маданият соҳаларидаги битимлар шулар жумласидандир.
Иқтисодий соҳадаги икки томонлама ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Бу 6 июнь куни Рим шаҳридаги «Confindustria» Италия саноати ассоциацияси қароргоҳида бўлиб ўтган юқори даражадаги Ўзбекистон-Италия бизнес-форумида ўз ифодасини топди.
Италиянинг «Eni», «Enel», «Pietro Fiorentini», «Danieli», «Imagro Group», «Ansaldo Energia», «Ferroli», «Arsenale» каби қатор йирик компания ва корхоналари Ўзбекистонда саноат-инновацион лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш ортиб бораётганини билдирмоқда. Айни пайтда Италия билан амалга оширилаётган ва ишлаб чиқилаётган лойиҳалар пакети 9 миллиард евродан ошади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон вилоятлари билан Италия ҳудудлари ўртасида, хусусан, Ломбардия, Тоскана, Венето, Умбрия, Кампания, Марке, Абруццо ва Эмилия-Романья билан тўғридан-тўғри алоқалар фаоллашди.
Ўзбекистон Президентининг 9 июнь куни Миланга (Ломбардия) ташрифи, унинг доирасида губернатор Аттилио Фонтана билан учрашуви, шунингдек, Италиянинг етакчи компаниялари, агентликлари ва банклари иштирокида давра суҳбати ўтказилгани диққатга сазовор воқеа бўлди.
Маданий жиҳатдан Ўзбекистон Венеция биенналесида кетма-кет учинчи йил иштирок этмоқда. Флоренцияда Мирзо Улуғбек номидаги Италиядаги биринчи Ўзбек маданият маркази очилди. Италияда И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи расмлари кўргазмалари, шунингдек, Ўзбекистон тарихи ва маданиятига оид италян тилида туркум китоблар нашр этиш режалаштирилган.
Тошкентда Турин политехника университетидан ташқари Пиза университетининг филиали очилди. Кампания университети Луиджи Ванвителли Бухорода малака ошириш курсларини очишни режалаштирмоқда. Неаполь Шарқшунослик университети «L’Orientale» ва Данте Алигьери жамияти билан самарали алоқалар ўрнатилди.
Италиядан Ўзбекистонга сайёҳлар оқими барқарор ошиб бормоқда, бу эса италияликларни мамлакатимизга туристлар сони бўйича Европада етакчи ўринга олиб чиқди.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йил август ойида Италияга элчи этиб тайинланган Отабек Акбаров бир вақтнинг ўзида Ўзбекистоннинг Грециядаги элчиси ҳамда республиканинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO), Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси (IFAD) ва Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) даги доимий вакили сифатида ҳам фаолият юритган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Тошкентда Ўзбекистон-Бразилия сиёсий маслаҳатлашувлари бўлиб ўтди
Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи илмий ва инновацион соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари БАА Меҳмондўстлик академиясига ташриф буюрди
Ўзбекистон Президентининг махсус вакили JIСА Афғонистон офиси янги раҳбари билан учрашди