Ўзбекистон ТИВ раҳбари маслаҳатчиси KOICAнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси янги директори билан учрашди
Сентябрь 03, 2026. 20:30 • 2 дақ
• 45
ТОШКЕНТ, 3 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири маслаҳатчиси Мунира Аминова Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг мамлакатимиздаги ваколатхонасига янги тайинланган директори Ким Мёнг Жин билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, учрашув давомида томонлар Ўзбекистон–Корея тараққиёт соҳасидаги ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ҳамда уни янада мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама қилди.
KOICAнинг Ўзбекистон тараққиётининг устувор йўналишларини қўллаб-қувватлаш, муҳим ижтимоий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишга қўшаётган салмоқли ҳиссаси қайд этилди.
Сунъий интеллект ва рақамлаштириш, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва таълим соҳаларига жорий этиш, иқлим ўзгариши ҳамда сув ресурсларини бошқариш масалаларидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар Кореянинг илғор тажрибасидан фойдаланиш ва Ўзбекистоннинг миллий тараққиёт устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда шерикликни янада кенгайтириш ҳамда янги қўшма ташаббусларни ишлаб чиқишдан ўзаро манфаатдор эканини билдирди.
Келгусидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ва лойиҳаларини аниқлашда яқин мувофиқлаштиришни таъминлаш ҳамда мунтазам фикр алмашиб бориш муҳимлиги ҳам таъкидланди.
“Дунё” АА сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси