Logo

Анқара шаҳрида икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари раислигида Ўзбекистон-Туркия стратегик режалаштириш гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди

Сентябрь 28, 2023. 11:23 • 2 дақ

317
Анқара шаҳрида икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари раислигида Ўзбекистон-Туркия стратегик режалаштириш гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди

ТОШКЕНТ, 28 сентябрь. /«Дунё» АА/. Кеча ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Туркияга икки кунлик ташрифи якунланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.



ТИВ маълумотига кўра, Анқара шаҳрида Ўзбекистон ва Туркия ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Бахтиёр Саидов ва Ҳакан Фидан раислигида Ўзбекистон-Туркия стратегик режалаштириш гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Музокараларда икки томонлама ҳамкорликда эришилган ютуқлар сарҳисоб қилиниб, яқин ва узоқ муддатли мақсадлар белгилаб олинди. Вазирлар юқори даражадаги бўлажак мулоқотлар жадвали, муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини кенгайтириш масалалари, олий даражада эришилган барча келишувларни амалга оширилишини муҳокама қилдилар. Тадбир якунида Ўзбекистон ва Туркия ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2024-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳузуридаги Дипломатик академия ва Туркия ТИВ қошидаги Дипломатия академияси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон ТИВ раҳбари Туркия вице-президенти Жевдет Йилмаз томонидан қабул қилинди, Туркия Буюк Миллат Мажлиси спикери Нуман Куртулмуш, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги президенти Серкан Каялар, Анқара университети ректори Неждет Унувар билан алоҳида учрашувлар ўтказди.

Музокараларда Ўзбекистон-Туркия кун тартибидаги кенг кўламли масалалар кўриб чиқилди. Ўзаро савдо учун қулай шарт-шароитлар яратиш, тўқимачилик саноати соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, ҳудудлараро шериклик муносабатларини йўлга қўйиш орқали иқтисодий дипломатияни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Илм-фан ва таълим соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш, самарали қишлоқ хўжалигини ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди. Икки мамлакат парламентлари ўртасидаги мулоқот изчил ривожланиб бораётгани, аввал эришилган келишувларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Анқара шаҳрида Туркия Маданият ва туризм вазирлиги кўмагида Туркиянинг бир қатор сайёҳлик компаниялари иштирокида «Тамаддунлар чорраҳаси: Янги Ўзбекистон» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Вазир тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон туризм саноатидаги сўнгги ўзгариш ва тенденциялар ҳамда ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ҳақида маълумот берди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Туркиянинг бир қатор йирик компаниялари раҳбарлари билан ҳам учрашиб, ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, Ўзбекистон иқтисодиётига илғор ва инновацион технологияларни жалб этиш имкониятларини муҳокама қилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш