Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг икки нафар ходими "Туризм фидойиси" кўкрак нишони билан тақдирланди
Сентябрь 26, 2024. 17:46 • 2 дақ
• 172
ТОШКЕНТ, 26 сентябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси томонидан Бутунжаҳон туризм кунига бағишланган тадбир ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Анжуманда туризм фахрийлари, меҳмонлар, вазирлик ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Aзиз Aбдуҳакимов тадбирнинг очилиш қисмидаги нутқида сўнгги йилларда мамлакатимизда туризм соҳасини жадал ривожлантириш бўйича давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан қатор фармон ва қарорлар имзоланганини, ушбу муҳим йўналиш иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидан бири сифатида белгиланганлигини маълум қилди.
Таъкидлаш керакки, Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг чет эллардаги барча дипломатик ваколатхоналари томонидан Туризм қўмитаси билан ҳамкорликда юртимизга туристлар оқимини кўпайтириш ва соҳа ривожига илғор хорижий тажрибани жалб қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, 2024 йил бошидан буён мамлакатимиз элчихоналарининг бевосита ёрдамида республика туризм салоҳиятини тарғиб қилиш бўйича 300 дан зиёд тадбир ўтказилди, 100 га яқин инфотурлар ташкил этилди ва чет эл оммавий ахборот воситаларида туркум мақолалар чоп этилди.
Элчихоналаримиз кўмагида чет давлатларда "Ўзбекистон маданияти кунлари" ўтказилмоқда, истиқболли йўналишларга янги авиақатновлар йўлга қўйиляпти ва туризмнинг тиббиёт, зиёрат, спорт ва гастрономия каби жозибадор йўналишларига алоҳида эътибор берилмоқда.
Тадбир доирасида "Туризм фидойиси" кўкрак нишонини топшириш маросими бўлиб ўтди. Эътиборлиси, Ташқи ишлар вазирлиги масъул ходимлари – Ижро аппарати Иқтисодиёт ва туризм масалаларини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Равшанбек Дусчанов ва МДҲ мамлакатлари билан икки ва кўп томонлама ҳамкорлик бошқармаси бўлими бошлиғи Шохрух Садиков "Туризм фидойиси" кўкрак нишони билан тақдирланди.
27 сентябрь – Бутунжаҳон туризм куни. Ушбу сана 1980 йилдан буён нишонлан келинади. Унинг мақсади туризмни тарғиб қилиш, соҳанинг жаҳон иқтисодиётига қўшаётган ҳиссасини кенг ёритиш ва турли мамлакатлар халқлари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашдан иборат.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси