Logo

Ўзбекистон ва БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури ҳамкорлигида амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар Хитой ОАВ нигоҳида

Сентябрь 20, 2025. 13:46 • 2 дақ

85
Ўзбекистон ва БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури ҳамкорлигида амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар Хитой ОАВ нигоҳида

ПЕКИН, 20 сентябрь. /"Дунё" АА/. Хитойнинг "Psearcher" журналида "Ўзбекистон ва UNEP самарали экологик лойиҳаларни илгари сурмоқда" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақолада Ўзбекистон атроф-муҳит муаммоларини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратувчи, соҳага оид самарали таклифлари билан ташаббускор давлат сифатида халқаро ҳамжамиятда муҳим ўрин тутаётгани ва бир қанча етакчи глобал ташкилотларга аъзо бўлгани ҳақида сўз юритилади.


Нашрда қайд этилишича, Ўзбекистон 1992 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф-муҳит бўйича дастурига (UNEP) аъзо бўлди ва бугунги кунда UNEP томонидан бошқариладиган тўққизта экологик конвенция ва ташкилотларнинг иштирокчиси ҳисобланади.


"Ҳозир кунда Ўзбекистон UNEP билан ҳамкорликда бир нечта лойиҳаларни амалга оширмоқда. Улар орасида халқаро кимёвий конвенцияларни (Базель, Стокгольм ва Роттердам конвенциялари) амалга ошириш ҳамда Ўзбекистоннинг Роттердам ва Минамата конвенцияларига қўшилишини қўллаб-қувватлаш учун институционал салоҳиятни мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳа бор. Бу ташаббус кимёвий моддаларни инвентаризация қилиш ва рақамлаштиришни, шунингдек, Ўзбекистон Экология вазирлиги ҳузурида ахборот ва ресурс марказини ташкил этишни назарда тутади. Лойиҳанинг умумий бюджети 250 минг АҚШ долларига тенг", – деб ёзган муаллиф.


Бундан ташқари, материалда бинолар ва шаҳарларда энергия самарадорлигини ошириш учун инвестицияларни кенгайтиришга қаратилган 25 миллион АҚШ доллари миқдоридаги қўшма лойиҳа бўйича кенг қамровли ҳужжатлар пакети тайёрланаётгани маълум қилинган.


"Шу билан бирга, "Замин" халқаро жамоат фонди томонидан UNEP ва Экология вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати агентлиги билан ҳамкорликда қўллаб-қувватланаётган яна бир лойиҳа – ҳаво ифлосланишини автоматик мониторинг қилишга қаратилган. Ушбу лойиҳа доирасида бутун мамлакат бўйлаб 63 та мониторинг станциясини ўрнатиш ҳамда марказлаштирилган таҳлил марказини ташкил этиш режалаштирилган", – дея қайд этилган мақолада. 

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш