Logo

Қирғизистон ОАВ: Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлиги янада жадал ривожланиш траекториясига кирди

Июнь 17, 2025. 17:02 • 3 дақ

57
Қирғизистон ОАВ: Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлиги янада жадал ривожланиш траекториясига кирди

БИШКЕК, 17 июнь. /"Дунё" АА/. Қирғизистоннинг "Аlliance-press.kg" ахборот-таҳлил агентлиги порталида "Ўзбекистон-Хитой муносабатларини фаоллаштириш – давр талаби" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Ўзбекистон ва Хитой 30 йилдан ортиқ вақт давомида тенг ҳуқуқлилик, дўстлик, яхши қўшничилик, бир-бирини қўллаб-қувватлаш, ўзаро манфаатдорлик, ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган сиёсий ўзаро ишончни муттасил мустаҳкамлаб, икки томонлама муносабатларни ривожлантирмоқда", – дейилади мақолада.

2016 йилда Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Президенти этиб сайланиши билан Ўзбекистон- Хитой ҳамкорлиги янада жадал ривожланиш траекториясига кирди. Бунга олий даражадаги мунтазам сиёсий мулоқот ҳам, икки давлат раҳбарлари ўртасида ўрнатилган дўстона ва ишончли муносабатлар ҳам ёрдам бермоқда.

"2017 йилдан буён давлат раҳбарларининг 10 га яқин учрашувлари ўтказилди. Хитой раиси Си Цзиньпин 2022 йилда Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келган. Ўз навбатида, Ўзбекистон Президенти 2017, 2019, 2022, 2023, 2024 йилларда Хитойга ташриф буюрган. Ўзаро давлат ташрифлари якунлари бўйича биргина сўнгги уч йил давомида 70 га яқин ҳужжат имзоланди, умумий қиймати 40 миллиард доллардан ортиқ бўлган савдо шартномалари ва инвестиция келишувларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди", – деб таъкидланган нашрда.

Қайд этилишича, ҳукуматлараро, парламентлараро ва идоралараро даражаларда олиб борилаётган фаол мулоқот ҳам кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштиришда муҳим роль ўйнайди.

Икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари туфайли 2022 йил сентябрь ойида икки томонлама муносабатлар ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтарилди, бу уларнинг қарашлари ва геосиёсий устувор йўналишлари ўхшашлигини, ҳамкорликни янада юқори босқичга олиб чиқиш ва уни янги мазмун билан тўлдиришга ўзаро интилишларини ифодалайди. 2022 йилда ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро қўмитаси доирасида қашшоқликни қисқартириш бўйича кичик қўмита ташкил этиш бўйича келишувга эришилди, дея қайд этилган.

Қирғизистон ОАВ 2023 йил ноябрь ойида Пекинда икки давлат ташқи ишлар вазирлари ўртасида биринчи стратегик мулоқот бошлангани ва у олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш механизмини яратганини урғулаган.

"Давлат раҳбарлари даражасидаги "Марказий Осиё – Хитой" формати Хитойнинг Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро ҳамкорлигининг янги платформасига айланди, – деб ёзилган манбада. – 2023 йил май ойида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари ва Хитой етакчиларининг биринчи саммити якунлари бўйича янги форматдаги ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг институционал асосларини белгилаб берувчи Сиань декларацияси имзоланди".

Таъкидланишича, 2024 йил январь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга давлат ташрифи чоғида Хитой-Ўзбекистон муносабатларини янги даврда кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтариш, шунингдек, мамлакатлар ўртасида муштарак тақдирлар ҳамжамиятини шакллантиришга янада юқори бошланғич нуқтадан кўмаклашиш бўйича келишувга эришилган.

"Аlliance-press.kg" АТА ёзганидек, Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ва сармоявий ҳамкоридир. 2025 йилда Ўзбекистонга киритилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмининг 33 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келади. Ўзбекистонда Хитой капитали иштирокидаги 3500 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда.

Анъанавий йўналишлардан ташқари, томонлар рақамли иқтисодиёт ва илмий-техникавий инновациялар соҳасида ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқда, шунингдек, маданият, таълим, туризм ва ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик соҳаларида ўзаро ҳамкорликни кучайтирмоқда.

"2025 йил 1 июндан Ўзбекистон ва Хитой ўртасида визани ўзаро бекор қилиш тўғрисидаги битим кучга кирди ва бу давлатлараро ҳамкорликка, икки дўст мамлакат халқлари ўртасидаги муносабатларни соддалаштиришга хизмат қилиши шубҳасиз", – дея урғуланган мақолада.

Шунингдек, нашрда Ўзбекистон ва Хитой икки халқ маданиятини ҳар томонлама яқинлаштириш, ўзаро тушунишни чуқурлаштириш ва ўзаро бойитишга хизмат қилаётган маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланган.

"Ўзбекистон – Хитой" ва "Хитой – МО" дўстлик жамияти, Тошкентдаги Хитой миллий маданият маркази икки халқ ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшмоқда. Умуман олганда, бугунги кунда кузатилаётган Ўзбекистон-Хитой муносабатларининг бутун спектрини ривожлантиришнинг юқори динамикаси бу тенденция янги суръат касб этишини таъминлашга яққол асос бўлмоқда", – деб ёзади муаллиф.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш