Қозоғистон ОАВ: Ўзбекистон ва Италия муносабатлари тарихий муҳим босқични бошдан кечирмоқда
Май 28, 2025. 17:59 • 2 дақ
• 63
ОСТОНА, 28 май. /"Дунё" АА/. Қозоғистоннинг "Инфозакон" электрон нашрида "Ўзбекистон-Италия: барқарор ривожланишга қаратилган узоқ муддатли стратегик ҳамкорлик" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Нашрда Италия Бош вазири Жоржа Мелони 28-29 май кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиши маълум қилинган.
"Ушбу ташриф 1992 йил март ойида бошланган Ўзбекистон-Италия муносабатларининг замонавий тарихида муҳим босқич бўлади, – дейилган мақолада. – Икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилиши биланоқ Тошкентда Италия элчихонаси, 1998 йилда эса Римда Ўзбекистон ваколатхонаси очилди".
Таъкидланишича, 2021 ва 2023 йиллардан буён Флоренция ва Миланда Ўзбекистоннинг фахрий консуллиги институтлари фаолият кўрсатмоқда. Бу институтлар эса халқ ва иқтисодий дипломатияни мустаҳкамлаш ҳамда кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
"Икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йил 8-9 июнь кунлари расмий ташриф билан Италияда бўлди. Ташриф якунлари бўйича икки давлат ўртасида стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида Қўшма декларация қабул қилинди. Ўша йилнинг 9-11 ноябрь кунлари Италия Президенти Сержо Маттарелла расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди", – дея урғуланган материалда.
Қозоғистон ОАВ, шунингдек, Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги сиёсий мулоқот фаол қўллаб-қувватланаётгани ва юқори даражада давом этаётгани қайд этади. 2019 йилнинг декабрь ва 2021 йил сентябрь ойларида Ўзбекистон ва Италия ташқи ишлар вазирлари ўзаро ташриф алмашишди. 2024 йил май ойида эса Римда бўлиб ўтган "Италия – Марказий Осиё" учинчи вазирлар конференцияси доирасида учрашувлар ўтказилди. Таъкидлаш жоизки, Рим 2019 йилда вазирлар даражасида ушбу мулоқотни ўрнатишни бошлаган биринчи Европа давлати эди.
Бундан ташқари, икки давлат ташқи сиёсат идоралари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.
"Инфозакон" электрон нашрида жойлаштирилган мақолада ёзилганидек, Ўзбекистон-Италия парламентлараро ҳамкорлиги ҳам изчил ривожланяпти. Хусусан, 2011 йилдан буён Италия парламенти Депутатлар палатаси ва Сенати билан ҳамкорлик қилиш бўйича Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатида дўстлик гуруҳлари фаолият юритмоқда. 2012 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Италия парламенти Депутатлар палатаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. 2023 йил апрель ойида Италия парламентида "Италия-Марказий Осиё" дўстлик гуруҳи тузилди.
Маълум қилинганидек, Сенатнинг Халқаро ишлар бўйича қўмитаси раиси, Италия Парламентлараро Ассамблеясининг фахрий президенти Пьер Фердинандо Касини бошчилигидаги Италия парламенти делегацияси шу йилнинг 5-9 апрель кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Парламентлараро иттифоқнинг 150-Ассамблеясида фаол иштирок этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон делегацияси аёллар мулоқоти форумида иштирок этди
"Europa Press": Испания ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида меморандум имзолади
Ўзбек миллий қадриятлари "Charity Bazaar" хайрия фестивалида эътироф этилди