"Al-Jarida" нашри: Ўзбекистон Марказий Осиёда инвестиция интеграциясининг муҳим марказига айланмоқда
Ноябрь 17, 2025. 22:28 • 2 дақ
• 64
АЛ-КУВАЙТ, 17 ноябрь. /"Дунё" АА/. Кувайтнинг оммабоп "Al-Jarida" газетасида "Марказий Осиё етакчиларининг маслаҳат учрашуви: инвестиция ва саноат ҳамкорлиги учун янги имконият яратмоқда" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақолада таъкидланишича, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари минтақавий иқтисодий тараққиётга умумий ёндашувни шакллантиришнинг асосий механизмига айланиб бормоқда.
Ўзбекистон ўзаро савдони ва саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда барқарор транспорт ва логистика занжирларини яратишга қаратилган интеграция жараёнларининг энг фаол ташаббускорларидан биридир. Бугунги кунда минтақа сиёсий мулоқотдан инвестиция, инновация ва саноатлаштиришга асосланган амалий шерикликка ўтди.
Шартномавий ва ҳуқуқий базани уйғунлаштириш, савдо тўсиқларини бартараф этиш ва ягона саноат стандартларини жорий этиш бўйича тизимли саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти. Бу Марказий Осиё мамлакатлари учун энергетика, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқариш соҳаларида капитални жалб қилиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун янги имкониятлар яратмоқда.
"Минтақа мамлакатлари ўртасидаги шартномавий ва ҳуқуқий асос асосан эркин савдо, ўзаро инвестицияларни ҳимоя қилиш ва икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш бўйича ҳукуматлараро битимларга асосланади. Ушбу битимлар тадбиркорлик учун қулай шароитларни таъминлайди, қўшма корхоналарни ривожлантиришни рағбатлантиради ва савдо тўсиқларини бартараф этишга ёрдам беради", деб сўз юритади "Al-Jarida" нашри.
Шунингдек, материалда Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари билан тузилган қўшма ҳукумат комиссиялари амалий ечимларни топиш учун самарали платформаларга айлангани, бош вазирлар ва соҳа вазирларининг мунтазам учрашувлари эса янги лойиҳаларни ишга тушириш ва саноат ҳамкорлигини модернизация қилишга ҳисса қўшаётгани айтилган.
Манбада Марказий Осиё мамлакатларининг ўзаро ҳамкорлик алоқаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган. Хусусан, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон билан икки томонлама савдо ҳажми тобора ортиб бораётгани аниқ рақамлар асосида билдирилган.
"Марказий Осиё мамлакатларининг саъй-ҳаракатларини ўзаро ишонч ва прагматизмга асосланган ҳолда бирлаштириш бутун минтақа учун мустаҳкам иқтисодий пойдевор яратади. Умумий ривожланишнинг фаол тарафдори сифатида Ўзбекистон Марказий Осиёда инвестиция интеграциясининг муҳим маркази ва янги саноат даврининг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида ажралиб туради", дея хулоса қилинган мақолада.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси