Logo

Бугун дунёда: Хорижий ОАВ шарҳи қисқа сатрларда

Апрель 01, 2026. 16:32 • 4 дақ

30
Бугун дунёда: Хорижий ОАВ шарҳи қисқа сатрларда

Тошкент вақти билан эртага, 2 апрель соат 6:00 да АҚШ Президентни Дональд Трамп ўз халқига мурожаат йўллайди. аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон билан боғлиқ ҳарбий операция яқин ҳафталарда якунланишини маълум қилганди. Унинг айтишича, АҚШ ўз олдига қўйган мақсадларга эришган ва операция яна тахминан 2–3 ҳафта давом этади, шундан сўнг АҚШ кучлари ҳудудни тарк этади.

Манба: Кэролайн Ливитт

***                                      

Эрон президенти урушни тугатиш бўйича ўз шартини айтди

Эрон президенти Масъуд Пезешкиён 31 март куни унинг мамлакати Исроил ва АҚШ билан урушни тўхтатишга тайёрлигини айтди. Аммо келгусида ҳужум қилмаслик бўйича кафолат талаб қилди. “Агар асосий талаблар, хусусан, тажовуз такрорланишининг олдини олувчи кафолатлар бажарилса, биз бу можарони тўхтатиш учун зарур иродага эгамиз”, деган Пезешкиён.

Манба: Euronews 

***

Россиянинг Ан-26 ҳарбий самолёти Қримда ҳалокатга учради

 1 апрель куни Россия Мудофаа вазирлиги қўшиб олинган Қримда режали парвозни амалга ошираётган Ан-26 ҳарбий-транспорт самолёти ҳалокатга учраши натижасида экипажнинг олти аъзоси ва 23 йўловчи ҳалок бўлганини маълум қилди. Ҳарбий идора маълумотига кўра, самолёт билан алоқа 31 март куни кечқурун, тахминан соат 18:00 атрофида узилган.

Манба: Interfax  

Жапаров бир кунда 8 та ҳокимни ишдан олди

 31 март куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров мамлакатнинг 4 та вилоятида кадрлар орасида тозалаш ишларини амалга оширди. Бир куннинг ўзида жами 8 нафар ҳоким лавозимидан озод этилиб, уларнинг ўрнига янги раҳбарлар тайинланди. Энг кўп ўзгаришлар Жалолобод вилоятида кузатилган. Ҳудудда бир нечта туман ва шаҳар ҳокимлари алмашган. Шунингдек, Чуй, Боткен ва Норин вилоятларида ҳам ҳокимлар янгиланган.

Манба: 24.kg

 ***

Ташиевнинг укаси ҳибсга олинди

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раиси Қамчибек Ташиевнинг укаси, собиқ депутат Шоирбек Ташиев “Қирғизнефтегаз”даги коррупция ҳолатлари юзасидан қўзғатилган жиноий иш доирасида ҳибсга олинди. Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ҳозирда у Бишкек шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.

Манба: 24.kg

***

Исроил Ливан чегарасидаги барча уйларни бузиб ташламоқчи

Исроил мудофаа вазири Исроил Кац 31 март куни Ливан билан чегара яқинидаги қишлоқларда жойлашган барча уйлар бузиб ташланишини маълум қилди. Вазир Исроил шимолида хавфсизлик тўлиқ таъминланмагунча, мамлакат жанубини ташлаб кетган 600 минг аҳолининг ўз уйларига қайтишига рухсат берилмаслигини таъкидлаган.

Манба: Reuters

***

Эрондаги урушни тугатиш бўйича Хитой ва Покистон беш банддан иборат режа ишлаб чиқди

Хитой ва Покистон Эрондаги урушни зудлик билан тўхтатишга ҳамда имкон қадар тезроқ тинчлик музокараларини бошлашга чақирди. Сешанба, 31 март куни Покистон юқори мартабали расмийларининг Пекинга ташрифидан сўнг, ҳар икки давлат Форс кўрфази ва Яқин Шарқ минтақасида тинчлик ва барқарорликни тиклаш бўйича қўшма ташаббусни эълон қилган.

Манба: Economictimes.indiatimes.com

***

Грузияда 5 нафар Марказий Осиё фуқароси ҳибсга олинди

Қозоғистон Ички ишлар органлари сўровлари бўйича Грузия томонидан халқаро қидирувда бўлган 5 нафар шахс қўлга олинди. Маълум бўлишича, улардан тўрттаси фирибгарлик жинояти бўйича, бири эса гиёҳванд моддаларни ноқонуний айланмаси билан боғлиқ жиноятлар бўйича қидирилаётган бўлган.

Манба: Polisia.kz

***

БАА ҳам урушга кирмоқчи

 Бирлашган Араб Амирликлари АҚШга Ҳормуз бўғозини ҳарбий йўл билан очишда ёрдам беришга тайёргарлик кўрмоқда. Маълумотларга кўра, БАА бу операцияни қонунийлаштириш учун БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюциясини илгари сурмоқда. Шунингдек, амирликлар Европа ва Осиё давлатларини бўғозда кемалар хавфсизлигини таъминлаш учун ҳарбий коалиция тузишга чақирмоқда.

Манба: The Wall Street Journal

***

Яқин Шарқдаги уруш араб давлатларига қанча зарар келтириши айтилди

Яқин Шарқдаги можаро минтақадаги араб давлатларига умумий ялпи ички маҳсулотнинг 3,7 фоиздан 6 фоизгача ёки 120 миллиард доллардан 194 миллиард долларгача зарар келтириши мумкин. Бу ҳисоб-китоблар БМТ Тараққиёт дастурининг “Яқин Шарқда ҳарбий кучайиш: минтақадаги араб давлатлари учун иқтисодий ва ижтимоий оқибатлар” ҳисоботида келтирилган. 

Манба: БМТ

***

Польша “Patriot” тизимини АҚШ учун Яқин Шарққа кўчирмайди

АҚШ НАТОдаги барча иттифоқчиларига мурожаат қилиб, қўшимча ҳаво мудофаа тизимларини жалб этиш имкониятларини ўрганмоқда. Бу ҳақда альянсга аъзо давлатлардан бирининг юқори лавозимли ҳарбий манбаси маълум қилди. Ўз навбатида, Польша ҳукумати ҳам ўзининг «Patriot» ҳаво мудофаа тизимларини Яқин Шарққа кўчириш ниятида эмаслигини айтган. Мамлакат мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камишнинг таъкидлашича, мазкур тизимлар Польша ҳаво ҳудуди ҳамда НАТОнинг шарқий қанотини ҳимоя қилиш учун хизмат қилмоқда.   

Манба: Владислав Косиняк-Камиш

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш