Logo

"Busines media": Ўзбекистон халқаро сармоядорлар эътиборини ўзига тобора кўпроқ жалб этмоқда

Июнь 18, 2025. 10:48 • 2 дақ

54
"Busines media": Ўзбекистон халқаро сармоядорлар эътиборини ўзига тобора кўпроқ жалб этмоқда

СИНГАПУР, 17 июнь. /"Дунё" АА/. Сингапурнинг оммабоп "Busines media" электрон нашрида "Ўзбекистон халқаро сармоядорлар учун янги истиқболли йўналиш сифатида намоён бўлмоқда" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақола муаллифи Райнер Майкл Прейсснинг қайд этишича, Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон халқаро сармоядорлар эътиборини тобора кўпроқ ўзига жалб этмоқда.

"2016 йилдан бошлаб Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида кенг қамровли ислоҳотлар бошланди. Хусусан, миллий валюта – сўмни эркин айирбошлашга ўтказиш, давлат корхоналарини босқичма-босқич хусусийлаштириш, банк соҳасини модернизация қилиш, капитал бозорини ривожлантириш, виза тартибини соддалаштириш ва хорижий сармоядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилди",– деб ёзади муаллиф.

 Қайд этилишича, бу ўзгаришлар халқаро молия институтлари томонидан ижобий баҳоланмоқда ҳамда мамлакатга кириб келаётган хорижий инвестициялар ҳажмининг ортишига хизмат қилмоқда.

Шунингдек, нашрда ҳозирги кунда "fintech", электрон савдо, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, логистика ва қайта тикланувчи энергетика каби соҳаларга нисбатан хорижий сармоядорларнинг қизиқиши тобора ортиб бораётгани таъкидланган. Давлат томонидан берилаётган солиқ имтиёзлари, ҳуқуқий кафолатлар ва сармояларни ҳимоя қилиш бўйича халқаро шартномалар, Ўзбекистоннинг инвестиция муҳитини янада жозибадор қилмоқда.

"Ўзбекистон Марказий Осиёнинг энг динамик ва ислоҳотчи иқтисодиёти сифатида халқаро ҳамжамият диққат марказида бўлиб турибди. Ёш аҳолининг кўплиги, бошқарув тизимининг яхшиланиши ва глобал капитал бозорларига очилган имкониятлар мамлакатнинг келгуси истиқболини янада кенгайтирмоқда", – деб ёзилган мақола хулосасида.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш